Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг 2025 йил 5 сентябрдаги 02-35-2939-сонли хати ва иловаси эълон қилинди.
Унга кўра, 2025-2026-ўқув йилида ўтказиладиган олимпиада давлат ва нодавлат умумий ўрта ташкилотларининг 9-11-синф ўқувчилари, академик лицей ва касбий таълим ташкилотлари 1-2-босқич ўқувчилари ўртасида ўтказилади. Ўқувчилар олимпиадада ўз хоҳишларига кўра, ихтиёрий иштирок этадилар.
Ўтказилиш тартиби
Олимпиада ўтказиладиган жой ва муддатлари бўйича барча ўқувчилар олимпиададан камида 3 кун олдин хабардор қилинади. Ўқувчиларни олимпиада ўтказилиши ҳақида хабардор қилишни таъминлашга таълим муассасаси директори шахсан масъул ҳисобланади.
Айрим сабабларга кўра, белгиланган муддатда олимпиадада иштирок этмаган ўқувчи учун қайта олимпиада ўтказиш, олимпиадада иштирок этмаган ўқувчини кейинги босқичда иштирок этиш учун тавсия этиш мумкин эмас.
Ҳар бир фан ва синф кесимида иштирокчилар орасидан баллар кетма-кетлигида 3 нафаргача ғолиб аниқланади ва мактаб педагогик кенгашининг (ёки нодавлат таълим ташкилоти раҳбарининг) қарори билан олимпиаданинг кейинги босқичида иштирок этиш учун тавсия этилади.
Олимпиада фанлар бўйича тест топшириқлари, ёзма ва амалий иш шаклида ташкил қилиниши мумкин. Иштирокчилар топшириқларни ўзбек ёки рус тилларида бажаришлари мумкин. Чет тиллар ва қардош тиллар бундан мустасно.
Фан олимпиадаларини ўтказиш тартиби — Файлни юклаш
