Конституциянинг 52-моддасида ўқитувчининг меҳнати жамият ва давлат тараққиёти, соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш ҳамда халқнинг маънавий-маданий салоҳиятини бойитишнинг асоси сифатида эътироф этилган. Шу боис мамлакатимизда педагогларга бир қатор имтиёзлар яратилган, улардан бири давлат божидан озод этилишидир.
Тошкент давлат юридик университети Юридик клиникаси ходими Имомали Туевнинг тушунтиришича, «Давлат божи тўғрисида»ги қонунга мувофиқ педагоглар бир неча ҳолатларда давлат божи тўлашдан озод этилади.
Қонуннинг 8-моддаси 5 прим 2-бандига кўра, фуқаролик ишлари бўйича судларда ўқитувчилар касбий фаолияти давомида ўз шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш билан боғлиқ ишлар юзасидан давлат божи тўламайди.
Шунингдек, қонуннинг 10-моддаси 19-бандига асосан, агар педагогларнинг ҳуқуқлари бузилиб, улар давлат органлари ёки мансабдор шахсларнинг ғайриқонуний қарорлари ва ҳаракатларидан (ҳаракатсизлигидан) норози бўлса ва маъмурий судга мурожаат қилса, бу ҳолларда ҳам давлат божидан озод этилади.
Мазкур имтиёз ўқитувчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни осонлаштириш ҳамда уларнинг касбий фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган.
