Сурхондарё вилоятида жойлашган ТИСУ нодавлат олийгоҳи давлат олийгоҳларига тест асосида етарли балл тўплаб ўқишини кўчириб, алоқа хатини олиб келган талабаларга керакли ҳужжатларни тақдим этмай қонунчиликни бузаётгани ҳақида хабарлар тарқалди.
Юқоридаги расмда ТИСУ ректори А.У.Саттаров томонидан вазирликка юборилгани айтилаётган ҳуқуқий асосга эга бўлмаган хат кўрсатилган ва унда бир қанча нотўғри маълумотлар келтирилган, жумладан:
– хусусий олийгоҳлардан давлат олийгоҳига ўқишни кўчириш transfer.edu.uz сайти орқали эмас, my.uzbmb.uz сайти орқали амалга оширилади; (1-хато)
– ТИСУ олийгоҳидан давлат олийгоҳга ўқишни кўчиришда сайтга юкланган ҳужжатларга ТИСУ эмас давлат олийгоҳи хулоса беради. Яъни бу ерда олийгоҳ ваколатида бўлмаган жараёнга аралашмоқда. ТИСУнинг мажбурияти алоқа хати олиб келган талабага керакли ҳужжатларни тақдим этиш. (2-хато)
– Вазирлар Маҳкамасининг 393-сонли қарорида кўрсатилган 15 июлдан 5 августга қадар кўрсатилган муддат – талабаларнинг давлат олийгоҳига ўқишни кўчириш учун платформага ариза топшириш муддати ҳисобланади. ТИСУ асоссиз ва ноқонуний талаб қўйган. (3-хато)
– хусусий олийгоҳларда ўқишни кўчириш ва қабул жараёнлари 30-центабрга қадар давом этади. ТИСУнинг бундан хабари йўқми, ахир ўзи ҳам «переводчилар»ни қабул қиляптику?! (4-хато)
– нафақат ТИСУ бошқа давлат ва нодавлат олийгоҳлари ҳам алоқа хати билан келган талабага сўралган ҳужжатларни тақдим этмасликка ҳаққи йўқ. Бу талабанинг конституцион ҳуқуқлари бузилиши ҳисобланади. (5-хато)
– бу ўқишни кўчириш жараёнлари билан боғлиқ ҳолат оддий масала ҳисобланиб, вазирликкача хат билан мурожаат қиладиган жараён эмас. Қабул масалаларида ҳуқуқий саводхонлиги мавжуд кадрларни қўйиш мақсадга мувофиқ. (6-хато)
– юқоридаги хатда билиниб турибдику, ТИСУ талабаларга атай тасдиқланмаган транскрипт тақдим этган. Бу орқали уларни ўқишини кўчирилиши давлат олийгоҳлари томонидан рад этилиши кутилган, бироқ сценарий ўзгариб кетган. (7-хато)
– ТИСУ жараённи чўзиш орқали талабаларнинг ўқишини кўчиришларига билиб ёки билмай сунъий тўсиқ яратмоқда. Сабаби хусусий олийгоҳларда HEMIS платформасида 1-октабрда ёпилади. Шу вақтгача амаллаб жараён чўзиб олинса, талабалар автоматик равишда ўқишини кўчира олмай қолиши мумкин. (8-хато)
– ТИСУнинг бошқа олийгоҳларнинг қабул жараёнларига аралашишга ҳаққи йўқ. Демак хатда бошқа олийгоҳлар қабули ҳақидаги «арзлар»и мутлақо нотўғри. (9-хато)
– хусусий олийгоҳ бўлиб ТИСУ бу ҳақида вазирликдан хулоса олиши керак эмас. Бу мустақил ўзи ҳал қиладиган жараён. Демак олийгоҳ мутасаддилари ё қонунчиликдан бехабар ёки шунчаки талабаларни тинчлантириш учун бу хат тақдим этилган. (10-хато)
Эслатма! ТИСУ хусусий олийгоҳининг бу ҳаракатлари – қонунчиликни билмаслик ёки атай қилинаётгани номаълум, бироқ уларнинг хатти-ҳаракатларида қонун бузилиш ҳолатлари мавжуд. Қонунни билмаслик эса жавобгарликдан озод қилмайди.
Ҳозирча ушбу ҳолат юзасидан вазирлик расмий муносабат билдирмади. Тақдим этилиши билан, хабар берамиз.
