«Жонажон ўзбек тилим» танлови эълон қилинди

«Жонажон ўзбек тилим» танлови эълон қилинди

Ўзбек тилининг мамлакатимиз ижтимоий ҳаётидаги нуфузини ошириш, уни халқаро миқёсда кенг тарғиб қилиш ҳамда давлат тилининг тўлақонли жорий этилишини таъминлаш мақсадида янги танлов старт олди.

 

Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти ҳамда Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси ташаббуси билан ўтказилаётган танлов «Жонажон ўзбек тилим» деб номланади.

 

Танлов қуйидаги йўналишларда бўлиб ўтади:

 

– ўзбек тилининг хусусиятлари, муаммолари ва ечимларини ёритувчи энг яхши илмий тадқиқот;

 

– ўзбек тилини рақамлаштиришга қаратилган энг яхши дастурий маҳсулот;

 

– тилнинг бой имкониятларини тараннум этувчи энг яхши бадиий-ижодий асар;

 

– давлат тили мавзусида ОАВда чоп этилган энг яхши материал;

 

– ўзбек тили тарғиботига бағишланган энг яхши видеоролик;

 

– тилни халқаро миқёсда оммалаштиришга хизмат қилувчи энг яхши амалий иш;

 

– ўзбек тилига меҳр қўйган хорижлик дўстлар томонидан яратилган энг яхши илмий-ижодий иш.

 

Иштирок этиш тартиби

 

Танловда якка тартибда ёки жамоа бўлиб қатнашиш мумкин. Номзодлар ўзлари ҳақидаги маълумотларни (Ф.И.О., иш ёки ўқиш жойи) ҳамда илмий-ижодий ишининг электрон нусхасини Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармасига, расмий электрон почта манзили: uztilijamgarma@umail.uz ёки @Жонажонтилим_бот Telegram орқали 5-октабргача юборишлари керак.

 

Мукофотлар

 

Танлов ғолиблари базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баробари миқдоридаги пул мукофоти, диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланади. Мукофот топшириш маросими 21-октабр – Ўзбек тили байрами куни арафасида бўлиб ўтадиган тадбирлар доирасида ўтказилади.