Ўзбекистон 12 йиллик таълим тизимига ўтади

Ўзбекистон 12 йиллик таълим тизимига ўтади

Кеча хабар берганимиздек, 8 сентябрь куни президент Шавкат Мирзиёев таълим тизимини ислоҳ қилиш масалаларига оид тақдимот билан танишди.

 

Тақдимот билан Президент Администрацияси раҳбарининг таълим ислоҳоти бўйича ўринбосари Ҳилола Умарова таништирди. Унда «боғча — мактаб — олийгўҳ» тизимини қамраб олишга мўлжалланган бир қанча янги ғоялар илгари сурилди.

 

Жумладан, тақдимотда 12 йиллик таълимга ўтиш бўйича топшириқ берилди.

 

Бунда айнан мактаблар 12 йиллик таълимга ўтмайди, балки боғчалардаги мактабга тайёрлов гуруҳлари тизими ҳам мактаб таълимига қўшиб юборилиши ҳисобига 12 йиллик таълим тизимига ўтилади.

 

Бу тизимга ўтишнинг афзаллик жиҳатлари ҳақида Мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари Сардор Раджабов Ўзбекистон 24 телеканалига берган интервьюсида батафсил маълумот бериб ўтди.

 

«Мактабга тайёрлов гуруҳлари ҳозирги кунда мана 100 фоизга яқин қамров амалга оширилмоқда. Демак, мана шу тизимни ҳам мактаб таълимига қўшиб туриб 12 йиллик таълимга ўтиш бўйича топшириқ берилди.

Бу ерда бизга асосий фойдаси нима бўлади?

Биринчиси таълим сифати бўладиган бўлса, иккинчиси, бу хорижий олий таълим муассасаларига ўқишга кираётганда бизнинг ўқувчилар томонидан бир йил фоундатион курси, яъни ўша бошланғич тайёргарлик бўйича ўқишга мажбур бўлишяпти ва бу бизнинг фарзандларимиз бир йил йўқотишига олиб келмоқда.

Агарда биз 12 йиллик таълимни қонунчиликка киритадиган бўлсак, бунда бизда бир қатор давлатларда, яъни фоундатион ўқишга мажбур бўлмайди ва тўғридан-тўғри ўша бакалавр даражасига кирганда ўқиш имконияти яратилади», — деди Сардор Раджабов.