Агар талабалар уй-жойларни ижарага олсалар, ижарага берувчи жисмоний шахс томонидан ижара шартномаси солиқ органларида ҳисобга қўйилиши лозим.
Буни
– ijarа.soliq.uz сайтида;
– Солиқ мобил иловасида амалга ошириш мумкин.
«Солиқ» мобил иловасининг «Ижарага бериш» ундан сўнг «Талабалар учун ижара шартнома» бўлими орқали талабалар билан тузилган кўчмас мулк ижара шартномалари ҳисобга қўйилади.
Иловага ижарага берувчи жисмоний шахс томонидан талабанинг ЖШШИР киритилганда унинг маълумотлари автоматик шаклланади. Талабалар Face ID ёки телефон рақамига SМS орқали келадиган 5 хонали рақамни киритиш орқали ижара шартномасини тасдиқлаши мумкин.
Талабалар билан тузилган ижара шартномалари ҳисобга қўйилганда ушбу маълумотлар Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги базасида шаклланади. Бу эса ойлик ижара тўловининг бир қисмини қоплаб беришда олий ўқув юртларига қулайлик яратади.
Эслатиб ўтамиз, Солиқ кодексининг 378-модда, 19¹-бандига кўра, солиқ тўловчининг уй-жойларни талабаларга ижарага беришдан олган даромадлари солиқдан озод этилган.
