Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг 2025 йил 26 августдаги 312-сонли «Умумий ўрта таълим муассасаларида педагогик синфларни ташкил этиш тўғрисида»ги буйруғи эълон қилинди.
Унга кўра, 2025-2026-ўқув йилидан бошлаб педагог касбига қизиққан 10-11-синф ўқувчилари учун умумий ўрта таълим муассасаларида педагогик синфлар ташкил этилади.
Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазири, вилоятлар ва Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармалари бошлиқлари, Ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ва психологик-педагогик республика ташхис маркази (Л.Гайнутдинова)га:
– икки ҳафта муддатда педагогик синфлар очилган мактабларнинг 9-синф ўқувчиларидан ўтказилган сўровнома натижалари асосида улар орасидан педагог касбига лаёқати ва қизиқиши мавжуд бўлган ўқувчиларни педагогик синфларда ўқишга танлаш ишларини ташкил қилиш;
– педагогик синфларни тамомлаган битирувчиларга Ўзбекистон Республикаси Миллий малакалар рамкасининг 2-даражасидаги мактабгача таълим ташкилотларида тарбиячи ёрдамчиси касби бўйича ишлаш ҳуқуқини берувчи давлат намунасидаги сертификат бериш;
– педагогик синфлар ташкил этилган умумий ўрта таълим муассасаларида дарс машғулотларини олиб бориш учун бириктирилган профессор-ўқитувчиларни соатбай асосида ишга қабул қилинишини назоратга олиш вазифалари юклатилган.
