Ўзбекистонда ота-оналар фарзандларининг мунтазам равишда мактабга қатнашини таъминлаши шарт. Қонунчиликка мувофиқ, бола сабабсиз дарс қолдирса, ота-онаси ёки қонуний вакили жавобгарликка тортилиши мумкин.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддасида белгиланишича, агар бола тизимли равишда мактабга келмаса ёки таълим олишига тўсқинлик қилинса, ота-онага 10 дан 15 бараваргача базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ) миқдорида жарима солинади. Бу ҳозирги ҳисоб-китобларга кўра, 4,12 миллион сўмдан 6,18 миллион сўмгача бўлади.
Агар ушбу қоидабузарлик бир йил ичида такрорланса, ота-оналарга яна шунча миқдорда жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ жазоси қўлланади.
Ушбу тартиб болаларнинг таълим олиш ҳуқуқини ҳимоя қилиш, уларнинг мактабдаги давоматини таъминлаш ва ота-оналарнинг масъулиятини оширишга қаратилган.
