Сирдарё вилояти Ховос туманидаги 9-мактабда ўқитувчилар капитал таъмир жараёнида таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларига жалб қилингани ҳақида мурожаат қилишган.
Мурожаат қилган математика ўқитувчисининг айтишича, у 11 август куни таътилидан қайтиб, 31 августгача таъмири тугалланмаган мактабга ҳар куни келишга мажбур бўлган. Унинг сўзларига кўра, директор «ишга келмаганларга иш ҳақи ёзилмайди» деб педагогларни огоҳлантирган.
«Бу иш нотўғри эканини яхши билардим. Лекин директор йўқлама қилинишини, келмаганларга маош ёзилмаслигини айтгач, мажбуран мактабда ишлашга мажбур бўлдим», – дея таъкидлаган ўқитувчи.
27 август куни олингани айтилган видеоларда ҳам педагоглар дарахт оқлаш, ер чопиш каби ўқитувчилик касбига алоқаси бўлмаган ишларни бажараётгани акс этган. Шунингдек, интернетда 39 сониялик аудио ёзув ҳам тарқалган. Унда директор ўқитувчиларни мактабни тозалашга чорлагани эшитилади:
«Соат 9 дан ўтяпти, иш жойларингизга телефон қилиб чақиришим керакми? Келиб ўз ишингизни қилинглар, мактабни тозалайлик. Шахсий ишларингизни таътилда қиласизлар», – дейилади аудиоёзувда.
Бу масала юзасидан Сирдарё вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов ҳолатни туман ҳокими, ММТБ, мактаб директори ҳамда ўқитувчи билан муҳокама қилган. Якунда ҳоким Улуғбек Йўлдошевга ҳайфсан берган, иш берувчи томонидан ММТБ мудирига интизомий жазо берилиши, директорнинг эгаллаб турган лавозимига лойиқлиги масаласи кўриб чиқилиши белгиланган.
Ҳокимлик хабарига кўра, директор мактабга яқинда раҳбар сифатида тайинланганини, муассасада соғлом муҳит тўлиқ шаклланмаганини, гуруҳбозлик ҳолатлари кузатилаётганини ва дарс тақсимоти бўйича мурожаатчи томонидан эътирозлар билдирилганини баён этган.
Муҳокама якунида туман ҳокимига таълим муассасаларида етарли назорат ўрнатмагани ва зарурий тарғибот-ташвиқот ишларини самарали олиб бормагани учун ҳайфсан берилган.
Иш берувчи томонидан туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими мудирига интизомий жазо берилиши, 9-мактаб директорининг эгаллаб турган лавозимига лойиқлиги масаласи кўриб чиқилиши белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, август ойи бошида Бандлик вазирлиги республика бўйича «Мажбурий меҳнатга қарши курашиш ҳафталиги»ни эълон қилган эди. Бироқ унинг натижалари ҳали очиқланмаган. Шунингдек, Сирдарё вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов ҳам бу борада кескин муносабат билдирган. Унга кўра, мажбурий меҳнатга жалб қилган раҳбар ҳам, унга бўйсунган ходим ҳам лавозимидан озод қилиниши керак.
