«Google Таржимон» машҳур Duolingo иловасига ўхшаш тилларни ўрганишга ёрдам берувчи янги функциялар қўшилди. Бу ҳақида TechCrunch хабар берди.
Энди фойдаланувчилар фақат таржима қилиш билан чекланмай, балки янгиланган «practice» воситаси орқали фаол равишда тил ўрганишлари мумкин.
Ушбу режим янги тил ўрганувчиларга ҳамда аллақачон маълум даражадаги билимга эга бўлган фойдаланувчилар учун мўлжалланган. Фойдаланувчи ўз даражаси ва мақсадларини танлайди, шундан сўнг илова шахсийлаштирилган машқларни таклиф қилади.
Масалан, фойдаланувчи диалогларни тинглаши, эшитилган сўзларни танлаши ёки оғзаки машқ бажариши мумкин. Тизим фойдаланувчининг ривожланишини кузатиб боради ва топшириқларни унга мослаштиради.
Ҳозирда янги функция синов режимида бўлиб, фақат инглиз тилида сўзлашувчилар учун испан ва француз тилларини ўрганишга очиқ. Испан, француз ва португал тилларида сўзлашувчилар эса инглиз тилини машқ қилишлари мумкин.
Бундан ташқари, Google жонли таржима режимини ҳам яхшилаган. Эндиликда илова 70 дан ортиқ тилда ишлай олади ёки таржима қила олади. Бу эса эшитиш орқали ва икки тилга матн кўринишида таржима билан мулоқот олиб боришга имкон беради. Тизим паузаларни, урғуни ва интонацияни аниқлай олади, бу эса суҳбатни янада табиий қилади.
Аммо шуни айтиб ўтиш керакки, бу икки функциянинг иккаласи ҳам ҳозирча фақат синов тариқасида ишламоқда.
