Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академиясининг магистратурасига қабул қилиш тартибини белгилаш тўғрисида Ҳукумат қарори (27.08.2025, 547) белгиланди.
Унга кўра, академиясининг магистратурасига қабул давлат буюртмаси бўйича давлат гранти ва тўлов-контракт асосида амалга оширилади.
Мазкур академияда магистратура мутахассисликлари бўйича 2025-2026-ўқув йилидан бошлаб қуйидаги кадрлар тайёрланади:
— Ҳудудларни комплекс ривожлантириш (Regional Development);
— Давлат бошқаруви (Public Administration);
— Инсон ресурсларини ривожлантириш (Human Resource Development).
2026-2027-ўқув йилидан бошлаб эса:
— Давлат сиёсати (Public Policy);
— Давлат молиясини бошқариш (Public Finance Management) магистратура мутахассисликлари бўйича кадрлар тайёрланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академияси магистратура таълим дастурлари учун қабул яқин кунларда бошланиши кутилмоқда.
Қарорга кўра, ҳар йили июль август ойларида академияда магистратура мутахассисликларига давлат буюртмаси бўйича танлов икки босқичда:
— биринчи босқич — номзодларни фанларни билиш даражасини аниқлаш бўйича тест синовлари;
— иккинчи босқич — номзодларнинг кўникмаларини баҳолаш бўйича суҳбат шаклида ўтказилади.
Қабул қилиш тартиби батафсил ушбу схемада.


