Айрим нодавлат ОТМлар лицензиясидаги ўзгаришларга техник носозлик сабаб бўлган — вазирлик

Айрим нодавлат ОТМлар лицензиясидаги ўзгаришларга техник носозлик сабаб бўлган — вазирлик

2025 йил 29 август куни соат 06:19 дан 09:53 гача license.gov.uz ахборот тизимида юзага келган техник носозлик сабабли, кўриб чиқиш муддати тугамаган аризалар бўйича айрим нодавлат олий таълим ташкилотларининг амалдаги лицензияларига ўзгартириш киритиш ҳақидаги сўровларига тизим томонидан белгиланган талаб бузилган ҳолда ижобий хулосалар шакллантирилган.

 

Мазкур ҳолат техник хатолик ҳисобланиб, ҳозирда унинг сабаблари тегишли идоралар билан ҳамкорликда чуқур ўрганилмоқда. Якуний хулосалар бўйича қўшимча маълумот жамоатчиликка тақдим этилади.

 

Шу билан бирга, қуйида номлари келтирилган таълим ташкилотларига янги таълим йўналишлари, мутахассисликлари, таълим шакллари ҳамда фаолият манзиллари бўйича қабул жараёнларини ташкил этиш учун ҳеч қандай рухсат берилмагани Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан маълум қилинди:

 

«Осиё Халқаро Университети» МЧЖ – масофавий таълим шаклларига ҳамда Хоразм вилояти, Урганч шаҳридаги янги фаолият манзилига;

 

«Иқтисодиёт ва Педагогика Университети» НТМ –тиббиёт йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари, масофавий таълим шакллари ҳамда Сурхондарё вилояти, Денов туманидаги янги фаолият манзилига;

 

«SHARQ-UNIVERSITY» МЧЖ – банк иши, бухгалтерия ҳисоби таълим йўналишлари ва барча кечки ва масофавий шаклларга;

 

«PROFI UNIVERSITY» МЧЖ – юриспруденция таълим йўналиши, масофавий шакл ва барча магистратура мутахассисликларига.

 

 

Шу сабабли, мазкур ташкилотлар томонидан юқоридаги йўналишлар, мутахассисликлар, таълим шакллари ҳамда фаолият манзиллари бўйича эълон қилинаётган маълумотлар асоссиз ҳисобланади.