Тошкентдаги жами 12 та мактаб синф хоналари замонавий жиҳозланади

Тошкентдаги жами 12 та мактаб синф хоналари замонавий жиҳозланади

Янги ўқув йилидан бошлаб Тошкент шаҳрининг ҳар бир туманида биттадан умумтаълим мактабида «Тошкент тажрибаси» лойиҳаси амалга оширилади, деб хабар бермоқда шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати.

 

Тошкент ҳокими «Умумтаълим мактабларида таълим сифати ва самарадорлигини ошириш бўйича «Тошкент тажрибаси» лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» қарорни имзолади. Лойиҳада 12 та тумандаги белгиланган мактабларнинг бештадан синфлари — жами 60 та синф иштирок этади.

 

Танлаб олинган мактабларда синф хоналари таъмирланади, робототехника ва VR хоналари ташкил этилади, информатика хоналари, физика, кимё ва биология лабораториялари замонавий жиҳозланади.

 

Шунингдек, спорт анжомлари ва кўргазмали қуроллар харид қилиш, мактаб кутубхонасини бадиий адабиётлар билан таъминлаш режалаштирилган.

 

«Тошкент тажрибаси» лойиҳасида иштирок этаётган туманлар ва мактаблар рўйхати:

 

— Бектемир тумани: 358-мактаб;

 

— Миробод тумани: 154-мактаб;

 

— Мирзо Улуғбек тумани: 121-мактаб;

 

— Олмазор тумани: 16-мактаб;

 

— Сергели тумани: 266-мактаб;

 

— Учтепа тумани: 4-мактаб;

 

— Чилонзор тумани: 200-мактаб;

 

— Шайхонтоҳур тумани: 84-мактаб;

 

— Юнусобод тумани: 88-мактаб;

 

— Яккасарой тумани: 73-мактаб;

 

— Янгиҳаёт тумани: 332-мактаб;

 

— Яшнобод тумани: 339-мактаб.

 

«Бу лойиҳа таълимни янги босқичга олиб чиқиб, ўқувчиларга чуқур билим бериш, сертификатлар олиш ва олийгоҳларга тайёргарлик кўришда катта имконият яратади», — дейилади ҳокимлик хабарида.

 

Фанлар чуқурлаштириб ўтиладиган мактабларга асосий фанлардан дарс берадиган ўқитувчилар танлов асосида саралаб олинади. Ҳоким 7−11-синфлар кесимида қўшимча ўқитиладиган фанлардан ўтиладиган мавзулар режаси ҳамда ўқувчиларни халқаро ва миллий сертификатлар олишга, шунингдек олий таълим муассасасига киришга тайёрловчи ўқув-машғулотларининг дастурларини ишлаб чиқишни топширди. Бунда ихтисослашган мактаблар ҳамда нодавлат таълим ташкилотлари тажрибаси асос қилиб олинади.

 

Ўқувчилар учун қўшимча берилган соатлар ҳисобидан танланган фанлардан чуқур билим беришга йўналтирилган махсус дарслар ташкил этилади. Улар вариатив ўқув режа ва дастурлар асосида олиб борилади. Тошкент шаҳри Мактабгача ва мактаб таълими бошқармасига бир ҳафта муддатда «Тошкент тажрибаси» лойиҳаси амалга ошириладиган мактабларнинг концепциясини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш топширилди.

 

«Тошкент тажрибаси» лойиҳаси амалга ошириладиган умумтаълим мактаблари ўқитувчиларига устама ҳақ тўланади. Уларнинг иш самарадорлиги дарс жараёнида ўқувчиларни қизиқтира олиш даражаси ва уларнинг ўзлаштириш кўрсаткичлари асосида баҳоланади. Шу мезонларга кўра қўшимча ҳақ тўлаш тизими (KPI) жорий этилади.