Ҳукумат қарорига кўра, белгиланган тоифадаги талабалар учун 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларида фанларни ўзлаштиришнинг ўртача кўрсаткичи (GPA (grade point average) «3,5» ва ундан юқори бўлган талабаларга кейинги ўқув йили учун фоизсиз таълим кредити ажратилади.
Бундай имтиёз бериладиган тоифалар рўйхати Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан тасдиқланади.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги мутахассисларининг маълум қилишича, ушбу имкониятдан Камбағал оилалар реестрига киритилган қизил ва сариқ тоифадаги талабалар фойдаланишлари мумкин. Бунда:
«қизил» тоифага — оила аъзоларининг ҳар бирига тўғри келадиган ўртача ойлик даромади минимал истеъмол харажатларидан кам бўлган ва қуйидаги мезонларнинг бирига жавоб берадиган оилалар:
– аъзоларининг камида бир нафари соғлиғининг ҳолатига кўра меҳнат қилиш имкониятига эга бўлмаган оила;
— парваришга муҳтож аъзоси, шу жумладан, ногиронлиги мавжуд фарзанди бўлган оила;
— ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз яшовчи ёки ёлғиз кекса ёхуд ёлғиз ногиронлиги бўлган шахсдан иборат бўлган оила;
— боқувчисини йўқотган ёки боқувчиси жазони ижро этиш муассасасида бўлган оила киради.
«Сариқ» тоифага — оила аъзоларининг ҳар бирига тўғри келадиган ўртача ойлик даромади минимал истеъмол харажатларидан кам бўлган ҳамда аъзолари соғлиғининг ҳолатига кўра меҳнат қилиш имкониятига эга бўлган оилалар киради.
