Вазирлар Маҳкамасининг «Таълим даражаси юқори бўлмаган мактабларга малакали ўқитувчи-педагогларни жалб қилиш чора-тадбирлари тўғрисида» қарорига кўра, таълим даражаси юқори бўлмаган мактабларда таълим бериш учун бошқа ҳудудлардан жалб этиладиган ўқитувчи-педагоглардан айрим талаблар белгиланган.
Унга кўра, бошқа ҳудудлардаги таълим даражаси юқори бўлмаган мактабларда дарс бериш истагини билдирган ўқитувчи-педагоглар электрон платформага киритилган таълим даражаси юқори бўлмаган мактабларнинг бирини танлаб, кўрсатилган вакант соатлар бўйича 15 майдан 25 июлга қадар умумтаълим мактаби директорига тўғридан-тўғри мурожаат қилади.
Ўқитувчи-педагоглар:
– тегишли фан йўналиши бўйича олий маълумотга эга бўлиши;
– дарс бераётган фани бўйича биринчи ёки олий малака тоифасига эга бўлиши;
– бошқа ҳудудда камида бир йил педагогик фаолият юритган бўлиши;
– амалда фаолият юритаётган мактаб таълим даражаси юқори бўлмаган мактаблар рўйхатида мавжуд бўлмаслиги талаб этилади.
Бошқа ҳудудлардан жалб этилган ўқитувчи-педагогларга қандай тартибда қўшимча ҳақ тўланади?
Таълим даражаси юқори бўлмаган мактабларда дарс бериш учун бошқа ҳудудлардан жалб қилинган олий ва биринчи тоифага эга ўқитувчи-педагогларнинг базавий тариф ставкаларига махсус устамалар белгиланади.
Бунда:
– бир маъмурий-ҳудудий бирлик доирасида бошқа туман ва шаҳарлардан келиб фаолият юритаётган ўқитувчи-педагогларнинг базавий тариф ставкаларига 50 фоиз миқдорида;
– бошқа маъмурий-ҳудудий бирликдан — бошқа вилоятлар, Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳридан келиб фаолият юритаётган ўқитувчи-педагогларнинг базавий тариф ставкаларига 100 фоиз миқдорида махсус устамалар тўланади.
Бошқа ҳудудлардан жалб қилинган олий ва биринчи тоифага эга ўқитувчи-педагогларнинг базавий тариф ставкаларига махсус устамалар улар борган мактаб таълим даражаси юқори бўлмаган мактаблар рўйхатидан чиқарилган йилдан кейинги ўқув йили учун ҳам тўланади.
Таълим даражаси юқори бўлмаган мактабларга бошқа ҳудудлардан жалб этилган ўқитувчи-педагогларнинг амалда ишлаган мактабнинг Ишчи гуруҳи томонидан ўрнак кўрсатган ходимларини рағбатлантиришнинг директор жамғармасидан белгиланган устама миқдори (фоизи) бир ўқув йили давомида сақланади ва кейинги ўқув йилида ушбу мактабнинг Ишчи гуруҳи томонидан Вазирлар Маҳкамасининг «Умумий ўрта таълим муассасаларининг ўрнак кўрсатган ходимларини моддий рағбатлантириш тартибини такомиллаштириш тўғрисида» 2019 йил 30 сентябрдаги 823-сон қарорида белгиланган тартибда қайта кўриб чиқилади.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари бошқа ҳудуддан таълим даражаси юқори бўлмаган мактабларга жалб этилган ўқитувчи-педагогларга муносиб шароитлар яратиш учун уларни борган ҳудудда уй-жойи бўлмаган тақдирда, тегишли туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан фаолият олиб борган даврига, бироқ 2 йилдан ортиқ бўлмаган муддат давомида хизмат уй-жойлари ёки туман (шаҳар)лар маҳаллий буджет маблағлари ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари миқдорида ҳар ойлик пул компенсацияси берилишини таъминлайди.
