Белорусь мактабларида ўқитувчилар учун ҳам телефондан фойдаланиш тақиқланди

Белорусь мактабларида ўқитувчилар учун ҳам телефондан фойдаланиш тақиқланди

Белорусда янги ўқув йилидан бошлаб мактаб ва коллеж ўқувчилари дарслар бошланишидан олдин ўз гаджетларини топширади ва машғулотлар тугагач қайтариб олади. Ўқитувчиларга ҳам таълим жараёнида телефонлардан фойдаланиш тақиқланади. Аммо айрим истисно ҳолатлар мавжуд.

 

 

2025 йил 1 августдаги Таълим вазирлигининг 136-сон қарори таълим жараёнини ташкил этиш хавфсизлик қоидаларига ўзгартиришлар киритди. Улар орасида мактабгача, умумий ўрта ва махсус таълим дастурларини амалга ошириш тартиблари ҳам бор.

 

 

Асосий ўзгаришлар мобил алоқа воситаларидан (кейинги ўринларда – телефон) фойдаланиш ва ўқув муассасаларига кириш тартиб-қоидаларига тегишли. 2025 йил 1 сентябрдан бошлаб, ўқувчиларга ва ўқитувчиларга телефонлардан фойдаланиш тақиқланади.

 

Истисно ҳолатлар: соғлиги сабабли бундай қурилмалардан фойдаланиши зарур бўлганлар, масалан қандли диабет касаллигида қондаги шакар миқдорини назорат қилиш учун. Баъзи ҳолларда (масалан, ота-онаси билан тезкор алоқа қилиш зарур бўлса) навбатчи администратор ёки телефонларни сақлаш учун масъул шахс рухсати билан фойдаланишга йўл қўйилади.

 

Махсус таълим дастурлари доирасида зарур гаджетлардан фойдаланиш фақат педагог рухсати билан, махсус таълим дастури мазмунидан келиб чиқиб амалга оширилади.

 

 

Педагог ходимлар ҳам таълим жараёнида телефонлардан фойдаланиши мумкин эмас. Истисно ҳолатлар – ҳаёт ёки соғлиққа таҳдид соладиган ҳолатлар ва бошқа фавқулодда вазиятлар.

 

 

Белорус таълим вазирлигининг низомида телефонларни топшириш ва қайтариб олиш тартиби, шунингдек сақлаш жойлари ҳам белгиланган. Ўқув муассасасига киришда ўқувчи телефонни овозсиз режимга ўтказиб, кун давомида махсус ажратилган жойда қолдириши керак, жумладан:

 

 

– шахсий буюмлар учун индивидуал қутида;

 

– бир синф ўқувчилари телефонлари учун мўлжалланган қути (кейс)да;

 

– ҳар бир синф учун алоҳида хона мавжуд бўлса – гардеробда;

 

– қулфланадиган махсус хонада (ёки шкафда) телефон қутилари (кейслар) билан;

 

– ёки бошқа сақлаш жойида.

 

 

Дарслар ва синфдан ташқари машғулотлар тугагач, ўқувчилар телефонларини дарсни олиб борган педагог ёки сақлаш учун масъул ходим назорати остида қайтариб олишади.

 

 

Ўқувчиларнинг қонуний вакиллари ва ташриф буюрувчилар мактаб (коллеж) биносига фақат белгиланган иш вақтида, шахсини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этган ҳолда ва мақсадини кўрсатиб, қоровул (ёки қўриқчи) томонидан махсус журналга қайд этилганидан кейин киритилади.