Олий таълим ташкилоти гранти ва қўшимча давлат гранти натижалари қачон чиқади?

Олий таълим ташкилоти гранти ва қўшимча давлат гранти натижалари қачон чиқади?

Ҳукуматнинг тегишли қарори билан, давлат гранти талабалар орасида ҳар йили қайта тақсимланиши белгиланган. Бундан ташқари давлат олий таълим ташкилотларининг бакалавриат таълим йўналишларига ўқишга кириб, муайян ўқув йили бўйича GPA кўрсаткичи 4 ва ундан юқори бўлган, белгиланган тоифадаги талабаларга навбатдаги ўқув йили учун қўшимча давлат гранти тақдим этилади.

 

Ушбу грантга даъвогарлик қиладиган тоифадагилар талабалар рўйхати ҳар йили Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан тасдиқланиши белгиланган.

 

Белгиланган низомга кўра, талабгорлар ўз аризалари билан ҳар йили 20 июлга қадар олий таълим ташкилотининг расмий веб-сайти орқали рўйхатдан ўтади. Жорий йилда грант учун аризаларни бериш 10 августга қадар давом этди. Рўйхатдан ўтган талабгорларнинг аризалари ҳар йили:

 

– академик ўзлаштириш кўрсаткичини аниқлаш бўйича комиссия томонидан GPA кўрсаткичи 4 ва ундан юқори эканлиги;

– Ижтимоий фаолликни аниқлаш бўйича комиссия томонидан ҳақиқатда талабгорнинг белгиланган тоифадаги талаба эканлиги кўриб чиқилиб, баҳоланади.

 

Махсус комиссия талабгорларнинг маълумотларини умумлаштириб, қўшимча давлат грантига тавсия этиладиган талабалар рўйхатини ҳар йили 20 августга қадар олий таълим ташкилоти ректорига (директорига) тақдим этади. Қўшимча давлат гранти тақдим этилган талабалар ҳар йили 5-cентябрга қадар олий таълим ташкилоти томонидан хабардор қилинади.

 

 

Шунингдек, ҳукумат қарори билан молиявий мустақиллик берилган олий таълим ташкилотида GPA кўрсаткичи 3,3 дан 4 гача бўлган белгиланган тоифадаги талабаларга навбатдаги ўқув йили учун олий таълим ташкилоти гранти тақдим этилиши белгиланган.

 

Бунда молиявий мустақиллик берилган олий таълим ташкилотлари ҳар йили ўзларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан 1 млрд сўмгача бўлган миқдорда олий таълим ташкилоти грантини тақдим этади.

 

Бунда олий таълим ташкилоти гранти тақдим этилган талабанинг GPA кўрсаткичи:

 

3.3- 3,39 бўлганда — тўлов-контракт суммасининг 20 фоизи;

3.4- 3,49 бўлганда — тўлов-контракт суммасининг 30 фоизи;

3.5- 3,59 бўлганда — тўлов-контракт суммасининг 40 фоизи;

3.6- 3,69 бўлганда — тўлов-контракт суммасининг 50 фоизи;

3.7- 3,79 бўлганда — тўлов-контракт суммасининг 60 фоизи;

3.8- 3,89 бўлганда — тўлов-контракт суммасининг 70 фоизи;

3.9- 3,99 бўлганда — тўлов-контракт суммасининг 80 фоизи миқдоридаги қисми ушбу олий таълим ташкилотининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.

 

Бунда талабгорлар ўз аризалари билан ҳар йили 20 июлга қадар олий таълим ташкилотининг расмий веб-сайти орқали рўйхатдан ўтади. Натижалар ҳар йили 5 сентябрга қадар эълон қилинади.