Аёл-қизлар учун рақамли ва IТ-стажировкалар дастурига рўйхатдан ўтиш бошланди

Аёл-қизлар учун рақамли ва  IТ-стажировкалар дастурига рўйхатдан ўтиш бошланди

Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда БМТ Тараққиёт дастури (БМТТД) ҳамкорлигида амалга оширилаётган «Ёшларнинг рақамли иқтисодиёт ва рақамли тадбиркорликни ривожлантириш имкониятларини кенгайтириш» лойиҳаси доирасида Tech4Impact нодавлат нотижорат ташкилоти томонидан қизлар ва аёллар учун ноёб стажировка дастури йўлга қўйилди.

Дастур кимлар учун мўлжалланган?

Стажировка дастурида иштирок этиш имконияти:

– олий ўқув юртларида таълим олаётган қизларга;

– IT йўналиши бўйича университетни тамомлаган, бироқ амалий тажрибаси етарли бўлмаган битирувчиларга;

– ўз фаолиятини эндигина бошлаган, 18–28 ёшдаги ёш мутахассисларга тақдим этилади.

 

Иштирокчилар Ўзбекистоннинг исталган ҳудудидан ариза топшириши мумкин. Стажировкалар асосан Тошкент шаҳридаги йирик IT-компанияларда ташкил этилади.

Дастур шартлари ва имкониятлари

Стажировка муддати: 2 ой. Иштирокчилар стипендия билан таъминланади, у Тошкентда яшаш ва ишлаш учун барча харажатларни қоплашга етади.

Дастур давомида иштирокчилар:

—компания фаолиятига ҳисса қўшади;

—амалий кўникмалар ҳосил қилади;

—шахсий лойиҳасини амалга ошириш имкониятига эга бўлади;

—резюмесини янги тажриба билан бойитади.

 

Стажировка якунида иштирокчилар меҳнат бозорида янада рақобатбардош бўлиб, ўзлари стажировкадан ўтган компанияларда доимий иш ўринларига даъвогарлик қилиш имкониятига эга бўладилар.

Саралаш жараёни

Аризалар топширилгач, дастлабки танлов асосида энг истиқболли иштирокчилар онлайн интервьюга таклиф этилади. Якунда 30 нафар энг муносиб номзод танлаб олинади.

Ариза топшириш муддати

Аризалар 2025 йил 1 сентябрь куни, соат 23:59 гача қабул қилинади.

Муҳим аҳамияти шундаки, мазкур дастур Ўзбекистонда қизлар ва аёлларнинг рақамли кўникмаларини ривожлантириш, уларни IТ соҳасида фаолият юритишга рағбатлантириш ва меҳнат бозорида тенг имкониятлар яратишга хизмат қилади.