Жорий йилги кириш имтиҳонлари ўтказилди, мандат жавоблари чиқди. Энди 1-курсга қабул қилинган талабалар қачон ҳужжатларини олий таълим муассасаларига олиб боришлари керак? Ўқиш бошланганидан кейин ҳам олиб бориш мумкинми?
Жавоб: ҳа, мумкин.
Жорий йилги янги ўқув йили бакалавриат талабалари учун 3 сентябрдан бошланиши ҳақида хабар берган эдик. Айни шу куни кундузги, кечки ва масофавий таълим шаклига топширган талабалар ОТМ га бориб, тегишли ҳужжатларни топширишлари мумкин. Бу давлат ОТМ ига кирган талабалар учун тегишли. Нодавлат олийгоҳларники бироз фарқ қилиши мумкин.
Буни аниқлаштириш мақсадида Таlimxabarlari.uz сайти мухбири Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги матбуот хизмати ходими Зафаршох Амирқулов билан боғланди.
«Албатта мумкин. 1-курсга тавсия этилган кундузги, кечки ва масофавий таълим шаклларига топширган талабалар 3 сентябрь куни ўзлари кирган олийгоҳга бориб, ҳужжатларини топширишлари мумкин».
ОТМга ўқишга кирган 1-курс талабаларидан таълим муассасасига қуйидаги ҳужжатларни топшириши талаб қилинади:
1. Ректор номига ариза;
2. Паспорт нусхаси (асли кўрсатилган ҳолда);
3. Диплом ёки аттестат (иловаси билан бирга) асл нусхаси;
4. Тил билиш даражасини тасдиқловчи сертификат асли; (агар бўлса)
5. 3,5×4,5 фото 12 та;
6. Ҳужжатлар йиғма жилди (папка скоросшивател);
7. Конверт А5 форматида;
8. Талабалар турар жойи (шароити оғир ва кам таъминланганлигини тасдиқловчи ҳужжати бор талабалар учун) ариза (керак бўлса)
9. Имтиёз асосида талабаликка тавсия этилганлар учун (имтиёз берувчи ҳужжатнинг асли, агар бўлса)
Маълумот учун, ариза ёзишни деканат ходимлари намуна кўрсатишади.
Эслатиб ўтамиз, бу ҳужжатлар Қабул комиссияси 2022 йилда тасдиқлаган вариант. Жорий йилги рўйхатда ўзгариш бўлиши мумкин.
