Жиззах давлат педагогика университетига янги ректор этиб Мақсуджон Юлдашев тайинланди. У бунга қадар Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Педагог кадрларни тайёрлаш ва касбий ривожлантириш бошқармаси бошлиғи вазифасида ишлаб келган.
Узоқ йиллар таълим тизимида меҳнат қилиб келган Мақсуджон Юлдашев 2012-2016 йилларда А.Авлоний номидаги халқ таълими педагог ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш Марказий институти ректори, 2016-2017 йилларда вазирликнинг таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш бош бошқармаси бошлиғи, 2018-2021 йилларда Мактабгача таълим вазири ўринбосари, 2021-2024 йилларда Тошкент давлат иқтисодиёт университети молия ва иқтисод ишлари бўйича проректори каби турли масъул лавозимларда ишлаган.
