Ҳукуматнинг 2025 йил 20 август куни 524-сон «Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ихтисослаштирилган спорт мактаблари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарор қабул қилинди.
Унга кўра, ихтисослаштирилган спорт мактабларининг 9-синф битирувчиларига давлат намунасидаги шаҳодатнома, 11-синф битирувчиларига тегишли спорт турлари бўйича ихтисослаштирилган давлат мактаб-интернатлари учун тасдиқланган шаклда диплом ҳамда тренерлик фаолияти билан шуғулланиш учун малака сертификати берилади.
Спорт машғулотларининг давомийлиги ва ўқувчи-спортчиларнинг спорт юкламаси тасдиқланган ўқув режага мувофиқ белгиланади.
Спорт машғулотларининг ўқув дастурлари ўқув режасига мувофиқ ишлаб чиқилади ва унинг таркибига ўқув-машқ машғулоти, назарий тайёргарлик, умумий жисмоний тайёргарлик, махсус жисмоний тайёргарлик, техник-тактик тайёргарлик, психологик тайёргарлик, кўчириш (ўтказиш) назорат синовлари, назорат мусобақаларида иштироки, йўриқчилик ва ҳакамлик амалиёти, мусобақаларда иштирок этиш, тикланиш тадбирлари ҳамда тиббий назорат каби шаклларни ўз ичига олади.
Ўқувчи-спортчиларга тиббий хизмат спорт мактабларининг тиббиёт ходимлари томонидан кўрсатилади.
Ўқувчи-спортчилар Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган тартибга мувофиқ ҳар йили икки маротаба (сентябрь апрель) чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилади.
