Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ихтисослаштирилган спорт мактаблари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Қарор билан қуйидагилар тасдиқланди:
— Ихтисослаштирилган спорт мактаблари тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;
— Ихтисослаштирилган спорт мактабларига ўқувчиларни саралаб олиш, қабул қилиш ҳамда четлаштириш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқланди.
Шунингдек, қарорга асосан 2025 йил 1 сентябрдан бошлаб:
— маъмурий-бошқарув, педагогик, ўқув-ёрдамчи, техник ва хизмат кўрсатувчи ходимлар иш ҳақи фондининг 50 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда рағбатлантирувчи жамғармаси ташкил этилади. Бунда директор, директор ўринбосарлари, тренерлар, тиббиёт ходимлари, йўриқчи-услубчилар, спорт психологларига Олимпия ва Паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказлари учун белгиланган моддий рағбатлантириш имтиёзлари қўлланилганда, мазкур рағбатлантирувчи жамғармаси орқали тўловлар татбиқ этилмайди.
Агентлик тизимидаги умумтаълим муассасаларида фаолият юритаётган тарбиячиларнинг меҳнатга ҳақ тўланадиган мутахассислик фани бўйича малака тоифаси ҳамда миллий ёки халқаро сертификатлари учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган шартлар татбиқ этилади.
Спорт мактабларига фан йўналиши бўйича камида бакалавр даражасидаги олий педагогик маълумот ва камида иккинчи малака тоифасига эга ўқитувчилар танлов асосида жалб этилади. Бунда кимё, биология ва физика фанларидан дарс берадиган педагог кадрларнинг малака тоифалари умумлаштирилган табиий фанларга ҳам татбиқ этилади.
