2025–2026-ўқув йилидан бошлаб Бельгиядаги бошланғич ва ўрта мактабларда смартфон ҳамда бошқа электрон қурилмалардан таълимдан ташқари мақсадларда фойдаланиш тақиқланади. Бу ҳақда Тҳе Брусселс Тимес ахборот портали хабар берди.
Янги тартиб мамлакатнинг барча ҳудудларида амал қилади. Ушбу чеклов фақат тиббий кўрсатмалар билан боғлиқ ҳолатлар ёки фавқулодда вазиятлар учун амал қилмайди.
Учта тил ҳамжамиятининг (француз, фламанд, немис) тартиб-қоидаларидаги фарқларга қарамай, янги тақиқ бутун Бельгия ҳудудида амалда бўлади. Шу билан бирга, мактаблар қоидалар бузилганда жазо чораларини ўзлари мустақил равишда белгилаш ҳуқуқига эга бўлади.
Маълумот учун, 2024–2025-ўқув йилидан эътиборан Валлония ва Брюссел ҳудудларидаги француз тилида таълим бериладиган бошланғич мактабларда мобил қурилмалардан фойдаланиш чекланган, ўрта мактабларда эса бу борада «чекловчи» тартиб жорий этилган.
Немис тилида сўзлашувчи аҳоли яшайдиган мактабларда смарт-соатлар ва мобил телефонларга уланадиган бошқа қурилмалардан фойдаланиш қатъиян тақиқланмоқда. Ушбу чекловлар нафақат дарс жараёнида, балки танаффус вақтида ҳам амалда бўлади.
Нидерланд тилида (фламанд) таълим бериладиган мактабларда эса илгари болалар боғчалари ва бошланғич мактабларда амалда бўлган ушбу тартиб эндиликда ўрта мактабларга ҳам татбиқ этилади.
Ушбу янги чоралар ўқувчилар диққатини дарсларга жамлаш, ўқув муҳитини яхшилаш ва таълим сифатини оширишга қаратилган.
Бельгия Статистика бошқармаси маълумотларига кўра, мамлакат аҳолисининг қарийб 17 фоизи 15 ёшгача бўлган болалардан иборат. Бельгияда янги ўқув йили француз тилидаги мактабларда 25 августда, қолган ҳудудларда эса 1 сентябрдан бошланади.
