Президентнинг фармонига асосан, 2024/2025-ўқув йилидан бошлаб Таълим кредитини молиялаштириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан таълим кредитлари фақат кундузги таълим шаклида ўқиётган талабаларга ажратилади.
Кредит миқдори ва кимларга ажратилади?
Биринчи босқич талабалари учун таълим кредити бир йиллик контракт суммасигача берилади.
Иккинчи ва ундан юқори курсларда ўқиётган талабалар учун эса, агар фанларни ўзлаштиришнинг ўртача кўрсаткичи «3» дан паст бўлган тақдирда тўлов-контракт суммасининг кўпи билан 80 фоизи миқдорида ажратилади. 3 ва ундан юқори бўлган тақдирда ва (ёки) «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»га киритилган оилаларнинг таълим олаётган аъзолари учун таълим кредити тўлов-контракт суммаси миқдорида берилади.
Кимлар таълим кредитини олмайди?
Таълим кредити супер-контракт асосида ўқиётганлар, шунингдек, кечки, масофавий таълим шаклларида ўқиётган талабалар учун берилмайди. Бундан ташқари, хорижда жойлашган ОТМларда ўқиш учун ҳам таълим кредити ажратилмайди. HEMIS дастурига уланмаган хусусий ОТМларнинг талабаларига таълим кредити берилмайди.
Кафиллик талаблари
Кредит олиш учун одатда доимий даромадга эга бўлган оила аъзолари — ота-она, ака-ука, опа-сингил ёки турмуш ўртоғи кафиллик қилиши керак. Бошқа шахслар ҳам кафиллик қилиши мумкин, уларнинг қариндош бўлиши шарт эмас. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ижтимоий ҳимоя ягона реестрига киритилган оилаларнинг фарзандларига таълим кредити беришда гаров ва кафиллик талаб қилинмайди.
Кредитни қайтариш шартлари қандай?
Таълим кредити ўқиш муддати тугагандан сўнг, еттинчи ойидан бошлаб 7 йил ичида қайтарилиши лозим. Кредитнинг фоизи йигитлар учун Марказий банкнинг асосий ставкаси даражасида белгиланади. Қизлар учун эса кредит фоизсиз, яъни 0% миқдорида берилади. Агар Марказий банкнинг асосий ставкаси камаядиган бўлса, таълим кредитининг фоизи ҳам пасаяди, аммо ставка ошса, кредит фоизи оширилмайди.
Фуқаролик ва керакли ҳужжатлар
Таълим кредити фақат Ўзбекистон фуқаролари учун мўлжалланган. Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга эса банклар тижорий шартларда кредит бериши мумкин.
Кредит олиш учун талаб қилинадиган ҳужжатлар қуйидагилар: ариза, талаба ва таълим муассасаси ўртасидаги шартнома (контракт), кредит қайтарилиши учун кафиллик ёки гаров ҳужжати, ижтимоий ҳимоя ягона реестрига киритилганлик ҳақидаги маълумотнома (агар мавжуд бўлса), шунингдек банк томонидан қўшимча талаб этиладиган бошқа ҳужжатлар.
Ариза бериш тартиби
Таълим кредити олиш учун аризалар банкка тўғридан-тўғри мурожаат қилиб ёки my.gov.uz орқали онлайн тарзда олиш мумкин.
Банк томонидан аризалар 5 иш куни ичида кўриб чиқилади ва кредит шартномаси имзоланади. Агар кредит рад этилса, талабага бу ҳақда сабаб кўрсатилган ёзма жавоб берилади.
