Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармаси маълум қилишича, янги ўқув йили бошланиши олдидан пойтахтга келаётган талабалар ва уларнинг яқинларини фирибгарлар томонидан алдаш ҳолатлари кўпайган.
Унга кўра, бундай ҳолатлар асосан арзон ижара уйлар эълонлари орқали амалга оширилмоқда.
«Фирибгарлар ўзларига тегишли бўлмаган хонадонларнинг суратларини интернетга жойлаштириб, арзон нархда ижарага бериш таклифини билдиришади. Талабалар ва уларнинг ота-оналари шундай нархларни кўриб, уйни олиш мақсадида алоқага чиқишади. Фирибгарлар эса уйни сақлаб қўйиш ёки 2 ойлик тўлов керак, деб олдиндан пул талаб қилишади. Афсуски, тўлов амалга оширилганидан сўнг улар алоқани узиб, ижтимоий тармоқларда блоклайди. Оқибатда на уй, на пул қолади», дейилади огоҳлантирувда.
Бошқарма томонидан берилган тавсияларга кўра, талаба ва уларнинг ота-оналаридан ҳеч қачон уйни кўрмасдан туриб, олдиндан тўловни амалга оширмасликни, ҳар қандай ижара шартномасини уйни кўрган ҳолда эгаси билан шахсан учрашгач тузишни, шахсий маълумотларни ишонч ҳосил қилмагунча бегона шахсларга юбормасликни сўраган.
