Жиззах вилояти, Жиззах шаҳридаги 16-умумтаълим мактаби раҳбарларидан бири ўқитувчиларни ишга жойлаштириш эвазига пора талаб қилганда қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят ИИБ хабар берди.
Таъкидланишича, мактаб раҳбари пора эвазига ишга қабул қилишда ўтказиладиган имтиҳон тест саволларининг жавобларини ҳам ваъда қилган.
Шунингдек, мактаб раҳбари икки педагогдан жами 16 миллион сўм сўраган. Улардан бири ариза билан мурожаат қилганидан сўнг текширув ўтказилган. У аввалроқ 5 миллион сўм олган бўлган, кейинроқ қолган 11 млн сўмни беришини сўраган.
Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати ва прокуратура ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда мансабдор шахс пора олаётган вақтда қўлга олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми (катта миқдорда пора олиш) бўйича иш қўзғатилган.
