Супер-контракт учун тўлов қилинганда ҳам 12 фоизлик даромад солиғидан имтиёз бериладими?

Супер-контракт учун тўлов қилинганда ҳам 12 фоизлик даромад солиғидан имтиёз бериладими?

Олдинроқ, Ўзбекистон Республикасининг профессионал ва олий таълим ташкилотларида таълим олиш учун йўналтириладиган маблағларга жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича имтиёзни қўллаш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар киритилганлиги ҳақида хабар берган эдик.

 

Аввалги тартибга кўра, солиқ тўловчининг профессионал ва олий таълим ташкилотларида ўзининг, шунингдек 26 ёшга тўлмаган фарзандларининг ёки турмуш ўртоғининг таълим олиши учун йўналтирилган иш ҳақи ва бошқа даромадлари солиққа тортилмайди, яъни тўланган суммадан 12% даромад солиғини қайтариб олиши мумкин эди.

 

Киритилган ўзгаришларга кўра, фарзанд учун ёш чегараси олиб ташланади. Ота-оналар фарзандининг ёшидан қатъи назар таълим олиши учун тўлаган суммадан 12 фоизлик даромад солиғини қайтариб олишлари мумкин бўлди.

 

Ушбу тартиб супер-контракт учун тўлов қилинганда ҳам амал қиладими?

 

Солиқ қўмитаси матбуот котиби Музаффар Назаровнинг Talimxabarlari.uz га маълум қилишича, ушбу тартиб супер-контракт учун тўлов қилинганда ҳам амал қилади.

 

Шунингдек, хусусий университетда таҳсил олаётган талабалар ҳам таълим олиши учун тўлаган суммадан 12 фоизлик даромад солиғини қайтариб олишлари мумкин.

 

Бунинг учун талаба таҳсил олаётган хусусий университет олий таълим вазирлигининг эду.уз сайтидаги Ўзбекистондаги олий таълим муассасалари рўйхатида бор бўлиши лозим.

 

Мазкур рўйхатга белгиланган тартибда рўйхатдан ўтган хусусий олий таълим муассасалари ҳамда чет эл олий таълим муассасаларининг филиаллари киритилади.