Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг mandat.uzbmb.uz сайтида имтиёзли тоифадаги абитуриентлар учун ўтиш баллари эълон қилинди. Жорий йилда, аввалроқ тахмин қилганимиздек, тавсиянома олган эҳтиёжманд хотин-қизлар учун ўтиш баллари кескин пасайганини кўриш мумкин.
Бунга асосий сабаб жорий йил ушбу тоифа учун квота 2 баравар оширилгани бўлди. Яъни аввалги йилларда 2 мингта квота берилар эди, жорий йилда 4 мингта квота берилди.
Бундан ташқари жорий йилда квоталар тақсимоти соҳалар кесимида ҳам ўзгарди, балл юқори ва талаб катта бўлган тиббиёт соҳаси учун кўпроқ жой ажратилди.
Энг катта фарқ Сирдарё вилоятида тиббиёт соҳаси учун бўлган — нақ 80,1 балл тушган. 2024 йилда Сирдаё вилоятидан тавсиянома олган қизлар учун тиббиёт соҳасига ўтиш бали 158,3 балл эди, жорий йилда 78,2 баллни ташкил этган.
Кейинги ўринларда қуйидаги ҳудудлар учун ўтиш баллари кескин камайган:
Навоий (тиббиёт) — -77,8 балл;
Сурхондарё (тиббиёт) — -49,4 балл;
Жиззах (тиббиёт) — -46,2 балл.
Ўз навбатида айрим ҳудудларда ўтиш баллари ошган ҳам. Масалан, Тошкент шаҳри учун бошқа соҳалар категориясида ўтиш бали ўтган йилгига қараганда 34,5 баллга ошган. Бунга асосан филология ва хорижий тилларни ўқитиш соҳасидаги юқори баллар сабаб бўлган.
Нима учун тавсияномаси бор хотин-қизларга балл қўшилмади?
Ҳамма имтиёзлар ҳисобланган, агар абитуриент ўқишга кира олмаган бўлса, демак тўплаган балли етмаган.
Эслатма! Бу имтиёз (тавсиянома) ҳеч қанақа балл қўшиб бермайди. Шунингдек, хотин-қизлар тавсияномаси бор абитуриентлар 100% ўқишга киради, дегани эмас. Бунинг учун етарли балл ҳам олиш керак эди.
Тавсиянома олган хотин-қизлар учун 2025 йилги ўтиш бали юқоридаги суратда кўрсатилган. Мана шу баллдан кам олганларга имтиёз қўлланмаган.

