Вазирлик Б2 сертификати йўқ ўқитувчиларини ишдан бўшатиш бўйича расмий кўрсатма берилмаганини айтди

Вазирлик Б2 сертификати йўқ ўқитувчиларини ишдан бўшатиш бўйича расмий кўрсатма берилмаганини айтди

Касаба уюшмаси Б2 сертификатига эга бўлмаган чет тили ўқитувчиларини ишдан бўшатмаслик ҳақида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига хат билан мурожаат қилган эди. Ушбу мурожаат хатига вазирлик жавоб берди. Хатда вазирлик томонидан ҳудудий бошқармалар ва тизим ташкилотларига жорий ўқув йилидан бошлаб В2 сертификатига эга бўлмаган хорижий тиллар ўқитувчиларини ишдан бўшатиш бўйича расмий кўрсатма берилмаганлиги айтилган.

 

«Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси 10-моддасига кўра, меҳнат тўғрисидаги қонунчилик ушбу Кодексдан ҳамда якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатларни ва улар билан бевосита боғлиқ бўлган ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.

 

Мазкур кодекснинг 19-моддасида, ходим ва иш берувчи якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатларнинг субъектлари эканлиги белгиланган. Шунга мувофиқ, Меҳнат кодексида, бошқа қонунларда назарда тутилган тартибда ва шартлар асосида меҳнат шартномасини тузиш, ўзгартириш ҳамда бекор қилиш бевосита якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатларнинг субъектлари ўртасида ҳал этилиши лозим.

 

Ўзбекистон Республикаси «Таълим тўғрисида»ги қонунининг 23-моддасига асосан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси таълим соҳасидаги ягона давлат сиёсатини амалга оширади.

 

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 19 майдаги «Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштиришни самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 312-сон қарорининг 9-бандига мувофиқ, 2025/2026-ўқув йилига қадар умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларида фаолият юритаётган барча хорижий тиллар ўқитувчилари камида Б2 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги халқаро сертификатга эга бўлиши лозимлиги белгиланган.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг таклифига кўра, жорий йилнинг август ойида Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан хорижий тил ўқитувчилар учун чет тилини билиш даражасини аниқлаш бўйича қўшимча тест синовлари ташкил этиш чоралари кўрилмоқда.

 

Ўқувчиларга сифатли таълим берилиши ва тил билиш кўникмаларини лозим даражада эгаллашлари учун уларга таълим берадиган педагогларнинг билим даражаси (шу билан бирга тил билиш даражасининг асоси сифатида тегишли сертификатга эга бўлиши) етарли бўлиши лозимлиги муҳим аҳамиятга эга.

 

Шунингдек, вазирлик томонидан ҳудудий бошқармалар ва тизим ташкилотларига жорий ўқув йилидан бошлаб хорижий тилларни ўзлаштириш даражаси бўйича камида Б2 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги халқаро сертификатга эга бўлмаган хорижий тиллар ўқитувчилари билан тузилган меҳнат шартномаларини бекор қилиш юзасидан расмий кўрсатма берилмаганлиги маълум қилинади», — дейилади вазирлик хатида.