«Хусусий институтда мактабгача таълим йўналишида 2-курсда ўқийман. 2-курсдан педагогик фаолият билан шуғулланган ҳолда мактабда дарс берсам бўладими?»
Амалдаги қонунчиликка кўра, талабанинг қайси курсда ўқиши унинг ишлаш ҳуқуқига тўсқинлик қилмайди. Олий ва ўрта-махсус таълим вазирининг 9-сон буйруғи билан тасдиқланган «Олий таълим тўғрисида»ги низомнинг 50-бандида кундузги таълимда ўқиётган талабалар таълимдан бўш вақтларида меҳнат фаолияти билан шуғулланиши мумкинлиги белгиланган.
Бироқ, айрим соҳаларда ишлаш учун қўшимча талаблар бор. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 5 январдаги 10-сон қарорига илова қилинган «Давлат мактабгача таълим тизими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш тартиби тўғрисида»ги низомда қуйидаги қоидалар белгиланган:
– олий ёки ўрта-махсус, касб-ҳунар маълумотга эга бўлмаган шахсларни давлат мактабгача таълим ташкилотларига педагог сифатида ишга қабул қилиш мумкин эмас.
– педагогика йўналишида олий таълим муассасасининг 3-4-курсларида ўқиётган шахслар педагогик фаолият билан шуғулланиши мумкин ва уларга ўрта-махсус маълумотли тегишли лавозимдаги ходимнинг базавий тариф ставкаси миқдорида маош белгиланади.
Демак, агар сизда мактабгача таълим соҳасида ўрта-махсус ёки касб-ҳунар маълумоти бўлмаса, давлат мактабгача таълим муассасаларида педагогик фаолиятни фақат 3-курсдан бошлаб амалга ошириш мумкин. Агар бу соҳада ўрта-махсус маълумотингиз бўлса, 2-курсданоқ ишлаш мумкин.
Шу билан бирга, махсус малакани талаб қилмайдиган бошқа соҳаларда эса исталган курсдан эркин ишлаш имконияти мавжуд.
