Жорий йилнинг 15 апрель санасидан бошлаб, 14 майга қадар педагог ходимлар учун аттестация тест синовлари бўлиб ўтган эди. Мазкур малака тест синовларида иштирок этиш учун 190 мингга яқин педагоглар онлайн ариза топширган бўлиб, уларнинг 177 минг 640 нафари ёки умумий аризачиларнинг 95 фоизи жараёнда қатнашган.
Аттестация натижаларига кўра, 10 504 нафар педагог олий тоифа, 23 200 нафар педагог биринчи тоифа, 27 805 нафар педагог иккинчи тоифа учун етарли балл тўплаб, ижобий натижалар қайд этди. Шунингдек, 6 603 нафар педагог мутахассис лавозимини сақлаб қолди.
Умумий ҳисобда 73 мингдан зиёд педагоглар ижобий натижа кўрсатган. Аммо 104 мингга яқин (58.9%) педагоглар аттестациядан ўтолмаган.
Педагоглар аттестация натижаларидан нега норози?
Аттестация тест синовлари давом этаётган бир вақтда ижтимоий тармоқларда айрим фан ўқитувчиларининг аттестацияда тушган тест саволларидан норози эканлиги акс этган хабарлар тарқалди.
Мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари Сардор Раджабов эса тест топширувчилар ўзининг баллидан қониқмаган бўлса ёки берилган савол спецификациядан ташқари деб ҳисобланаётган бўлса, шунингдек у ерда хатолик бор деб ҳисобласа, апелляция бериши лозимлигини эслатди.
Аммо аттестация натижаларидан норозилиги бўлган ўқитувчиларнинг шикоят аризаларига апелляция комиссияси томонидан деярли бир хил мазмундаги жавоблар юборилди. Бу эса педагогларнинг турли хил эътирозларига сабаб бўлди.
Кўплан педагоглар бу ни ҳақиқатдан ҳам саволларнинг жуда мураккаблиги, валидлик талабларига жавоб бермаслиги, айрим ҳолатларда эса тест саволларининг талабга жавоб бермаслиги билан изҳоҳлаган. билан изоҳлаган.
Xalqtaliminfo.uz манбасининг хабар беришича, бир гуруҳ ўқитувчилар томонидан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига аттестация имтиҳонларини қайта ўтказиш мажбуриятини юклаш, маънавий зиён ва вакил харажатларини ундириш юзасидан судга даъво аризаси киритилган. Мазкур суд ишида адвокатлар Каримжонов Муҳаммадамин ҳамда Хатамжонов Назиржонлар педагогларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилади.
Маълум бўлишича, педагоглар 2025 йилда она тили ва адабиёт фанидан ўтказилган аттестация натижаларини ғайриқонуний деб ҳисобламоқда. Педагоглар томонидан судга киритилган даъво аризасида аттестация жараёнларига оид 9 та эътирозли ҳолатлар келтирилган бўлиб, улардан энг асосийси уръгу тест саволларининг мураккаблик даражаси белгиланган вақт меъёрига мутаносиб эмаслиги ҳамда саволлар тузиш жараёнида валидлик ва тестология қоидаларига риоя этилмаганлигига қаратилган.
Шунингдек, даъво аризасида келтирилишича, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Педагогик маҳорат ва халқаро баҳолаш илмий-амалий маркази Апелляция комиссияси томонидан педагогларнинг шикоятлари асосли, ҳуқуқий ва далиллий баҳоланмасдан, «асосиз» деб топилиб, рад этилган.
Аммо, Вазирлар Маҳкамасининг «Мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари педагог кадрларини аттестациядан ўтказиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йилдаги 572-сонли қарорнинг 60-бандида апелляция комиссияси қарори нусхаси апелляция комиссияси қарори чиққан кундан эътиборан 5 кун муддатда мурожаат этувчи педагог кадрнинг шахсий кабинетига жойлаштирилиши белгиланган бўлишига қарамай, ушбу талаблар ваколатли орган томонидан бажарилмаган.
Шу сабабли, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига педагог кадрнинг билимини нотўғри баҳоланганлиги, ўқув фани бўйича тест ва малака синови материалларида хато ва камчиликлар бўлгани, саволларнинг ўтказиш жараёнида ташкилий-техник жиҳатдан камчиликлар бўлганлиги сабабли аттестация имтиҳонларини қайта ўтказиш мажбуриятини юклаш, шунингдек педагогларга етказилган маънавий зарарни ундириш бўйича судга даъво аризаси киритилган эди.
Ушбу суд иши бугун, 12 август санасида кўриб чиқилади.
