Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2020 йил 30 июнда 3271- рақами билан рўйхатдан ўтказилган «Умумтаълим муассасаларида синфларни комплектлаш ҳамда тарификация рўйхатларини шакллантириш тартиби тўғрисида» ги низомга мувофиқ, ҳар йили 15 сентябрга қадар ўқитувчиларга дарс соатлари маълум бир кўрсаткичларнинг устувор кетма-кетлиги асосида тақсимланади.
Ушбу қарорнинг 15-бандига кўра, умумтаълим муассасалари томонидан шакллантирилган дарс соатлари сеткаси умумтаълим муассасасининг педагогик кенгаши томонидан икки иш куни ичида кўриб чиқилиб, ҳар йили 15 сентябрга қадар ўқитувчиларга дарс соатлари қуйидаги кўрсаткичларнинг устувор кетма-кетлиги асосида тақсимланади:
– халқаро олимпиадалар ғолибларини тайёрлаган ўқитувчилар;
– ўқитувчи бўлиб фаолият юритаётган халқаро олимпиадалар ғолиблари;
– чет тили ва SТEАМ фанларидан мутахассислиги бўйича халқаро сертификатларга эга ўқитувчилар (TESOL Level 5, CEFR B2, IELTS 6 ва ундан юқори, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан белгиланадиган бошқа сертификатлар);
– ТОП-1000 университетлар рейтингига кирадиган дунёнинг етакчи университетларини битирган ўқитувчилар;
– асосий олимпиадаларнинг республика босқичи ғолибларини тайёрлаган ўқитувчилар;
– ўқитувчи бўлиб фаолият юритаётган асосий олимпиадаларнинг республика босқичи ғолиблари;
– республика босқичидаги кўрик танловларда (йил ўқитувчиси) совринли ўринларга эга бўлган ўқитувчилар;
– олий малака тоифасига эга ўқитувчилар;
– биринчи малака тоифасига эга ўқитувчилар;
– асосий олимпиадаларнинг вилоят ва туман босқичи ғолибларининг ўқитувчилари;
– иккинчи малака тоифага эга ўқитувчилар;
– педагогик йўналиш бўйича магистр даражасига эга ўқитувчилар;
– олий маълумотли тоифасиз ўқитувчилар;
– қайта тайёрлаш бўйича дипломга эга ўқитувчилар;
– олий таълим муассасаларининг педагогик йўналиш бўйича битирувчи босқич талабалари;
Умумтаълим муассасасининг педагогик кенгаши томонидан дарс соатлари қайта тақсимланиши мумкин.
