Яна ўқитувчилар мажбурий тарзда мактаб ремонтига жалб қилиндими?

Яна ўқитувчилар мажбурий тарзда мактаб ремонтига жалб қилиндими?

Ижтимоий тармоқларда Самарқанд шаҳридаги 32-мактаб ўқитувчилари ҳаёт учун хавфли тепаликларда таъмирлаш ишларини амалга ошираётгани айтилган хабарлар тарқалди. Ҳолатга вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси муносабат билдирди.

 

Қайд этилишича, расмлардаги ҳолат Самарқанд шаҳридаги 32-умумтаълим мактаби эмас, шаҳардаги 24-умумтаълим мактабига тегишли. Мажбурий меҳнатга жалб этиш билан боғлиқ ҳар қандай ҳолатларни қоралашини таъкидлаган бошқарма вазият тўлиқ назоратга олингани ва ўрганиш ишларидан сўнг қўшимча маълумот берилишини билдирган.

 

Тармоқларда сиздирилган хабарларда эса мактаб директори ва унинг ўринбосарлари, шунингдек, илмий бўлим мудири ўқитувчиларни ташқи ишларга мажбурлаётгани айтилган. Шу билан бирга, мактабга агар текшириш келса, «ўз ҳоҳишимиз билан бу ишни бажардик» дейишга ўқитувчилар мажбурлангани айтилмоқда.

 

Хабарларга кўра, директор ва ўринбосарлар педагоглардан бирининг дарс соатини унинг ёзма розилигисиз 30 соатдан 23 соатга туширган, устама фоизларни ҳам камайтириб юборган.

 

Барча ҳолатлардан хабардорлиги айтилган Самарқанд шаҳар ва вилоят ММТБ бошлиқлари буларнинг барчасига кўз юмиб келаётгани қайд этилган. Бундан ташқари, хабарларда мактаб раҳбарияти ўқитувчилардан бирига бириктирилган синфхонани унинг ўзига замонавий жиҳозлар билан жиҳозлашга мажбур қилишгани ҳам айтилган.