Ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга жалб этган директор 42 млн сўм миқдорида жаримага тортилди

Ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга жалб этган директор 42 млн сўм миқдорида жаримага тортилди

Ижтимоий тармоқларда Андижон вилояти Марҳаматдаги 42-мактаб ўқитувчилари муассасани таъмирлаётгани акс этган видео тарқалди. Андижон вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармасининг баёнотига кўра, бу ҳолат педагоглар томонидан «ихтиёрий ҳашар» шаклида ўтказилган.


Видеода таъмир ишларини фақат аёл ўқитувчилар амалга ошираётгани, шунингдек, уларнинг айримлари инглиз ва рус тили, математика ўқитувчилари эканлиги айтилган. Педагогларнинг баъзилари девор ва шифтни бўяган бўлса, айримлари пол қисмини артиб, стол ташиганини кўриш мумкин.

 

МТТБга кўра, мактаб жамоаси суҳбатда ушбу ҳашарни «ихтиёрий равишда» ўтказишганини айтишган. Бироқ Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг маълум қилишича, ўқитувчиларнинг таъмирлаш ишларига мажбурий жалб қилингани ҳолати ўз тасдиғини топган.

 

Ўрганиш давомида мактаб директори ўз ваколатидан фойдаланиб, педагогларни таъмирлашга мажбурий чақиргани, акс ҳолда, уларга дарс соатлари кам тасдиқланишини айтгани аниқланган.

 

Мактаб директори З.Мамажоновага Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддаси (Меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш) 2-қисмига асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 баравари миқдорида (41 млн 200 минг сўм) жарима қўлланган.

 

Педагогларни ўз лавозим мажбуриятидан ташқари ишларни бажариш ҳолатини назоратга олмагани сабабли мактаб директори эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.