Хитойда илк бор одaмсимон робот университетга қабул қилинди

Хитойда илк бор одaмсимон робот университетга қабул қилинди

Олий таълим тарихида биринчи марта Хитойнинг етакчи университетларидан бирининг аспирантурасига одамсимон робот қабул қилинди ва бу ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлди. Бу ҳақда South China Morning Post (SCMP) хабар берган.

 

Хуэба (хитой тилидан таржима қилинганда «аълочи» деган маънони англатади) исмли робот Шанхай театр академиясида тўрт йил давомида театр, кино ва Хитой операсини ўрганадиган бўлди. Шундан сўнг робот бошқа талабалар каби диссертация ёзади.

 

Робот ташқи кўринишидан бошқа талабалардан унчалик фарқ қилмайди. Хуэба одамлар билан мулоқот қила олади ва юз мимикаси орқали ҳис-туйғуларини ифодалай олади. Хуэба ўзини «сунъий интеллектга эга санъаткор» деб атайди.

 

Воқеа ижтимоий тармоқларда кенг мунозараларга сабаб бўлди. Баъзилар хурсанд бўлди: уларнинг фикрича, Хуэба инсон ва робот ўртасидаги муносабатларда муҳим вазифани ўз зиммасига олади. Бошқалар эса, аксинча, лойиҳага шубҳа билан қаради. Фойдаланувчилардан бирининг ёзишича, «санъатга ҳаётий тажриба керак, роботнинг алгоритм билан бошқариладиган ижоди эса бунга эришолмайди».

 

«Хитойдаги баъзи аспирантлар ҳали ҳам ойига 3000 юандан (420 доллар) кам маош олади. Бу робот ҳақиқий талабалар учун мўлжалланган жуда кўп ресурсларни олиб қўймайдими?», деб сўради бошқаси.