Вазирлар Маҳкамасининг «Олий таълим муассасалари талабаларига тўланадиган стипендиялар миқдорларини белгилаш ҳамда стипендиялар тайинлаш ва тўлаш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2020 йил 31 январдаги 59-сон қарорига мувофиқ Олий таълим муассасалари талабалари учун стипендияларнинг миқдорлари белгиланган.
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат стипендияси — 2 191 541 сўм
2. Беруний, Ибн Сино, Навоий, Улуғбек, Имом ал-Бухорий, Бобур, Паҳлавон Маҳмуд, Тўлепберген Қаипбергенов, Ибройим Юсупов, Ислом Каримов ва Камолиддин Беҳзод номли давлат стипендиялари — 1 461 028 сўм
3. Давлат гранти асосида, шунингдек, бир йиллик ўқитиш қийматининг стипендияли тўлов-контракт асосида таълим олаётган, барча фанлар бўйича фақат «аъло» ўзлаштириш кўрсаткичига (рейтинг кўрсаткичи 86 балл ва ундан юқори) эга бўлган талабалар учун стипендия — 621 456 сўм
4. Давлат гранти, шунингдек, стипендияли тўлов-контракт асосида таълим олаётган талабалар учун базавий стипендия ва қизлар учун махсус стипендия — 517 880 сўм
5. 1 ва 2-гуруҳ ногиронлиги бўлган талабалар учун стипендия — белгиланган стипендияларга нисбатан 50 фоиз юқори миқдорда назарда тутилади
6. Алоҳида қобилият ва иқтидор эгаси бўлган, жамоат ишларида фаол, шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож талабалар учун қўшимча тўлов — белгиланган стипендияларга нисбатан 50 фоизгача юқори миқдорда назарда тутилади
7. Тўлиқ давлат таъминотида бўлган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар сирасига кирувчи талабалар учун стипендия — талабаларни рағбатлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан стипендиянинг базавий миқдорига нисбатан 50 фоиз юқори (оширилган) миқдорда назарда тутилади
Эслатма! Ўзбекистон Республикаси Президентининг иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисидаги фармонлари қабул қилиниши муносабати билан олий таълим муассасалари талабалари стипендияларининг базавий миқдорлари ўзгарган тақдирда, Олий таълим , фан ва инновациялар вазирининг буйруғи билан олий таълим муассасалари талабалари стипендияларининг жадвалда кўрсатилган миқдорларига тегишли ўзгартиришлар киритилади.
Талабаларни рағбатлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
