Хабарингиз бор, жорий йилнинг 7 июлидан 7 август кунига қадар навбатдан ташқари касбий сертификатлаш синовларида қатнашиш учун мурожаатларни юбориш ўтказилмоқда.
Ҳукуматнинг 2024 йил 12 февралдаги 87-сон қарорига кўра, стажёр-ўқитувчи ишга қабул қилинган вақтдан бошлаб бир йил муддат ичида касбий сертификатга эга бўлиши талаб этилади.
Талабгор назорат синовларига Вазирлик томонидан тасдиқланган режа-график асосида жалб этилади. Касбий сертификатлаш жараёни Вазирлик томонидан ташкил этилади, назорат қилинади ва мувофиқлаштирилади.
Касбий сертификатлаш жараёнига талабгор ўз муддатида жалб этилиши учун у фаолият кўрсатаётган давлат умумий ўрта таълим ташкилотининг раҳбари масъул ҳисобланади. Талабгор асосий иш жойи бўйича касбий сертификатлашга жалб этилади.
Давлат умумий ўрта таълим ташкилотларида ўриндошлик асосида дарс берадиган ва асосий иш жойи бўйича педагогик фаолият билан шуғулланмайдиган талабгор ўриндошлик асосида фаолият юритаётган таълим ташкилотидан касбий сертификатлаш жараёнларига жалб этилиши белгиланган.
Бунда белгиланган муддат давомида касбий сертификатни ола олмаганлиги сабабли ўқитувчи сифатида меҳнат шартномаси тузилмаган ёки педагоглар аттестациясидан ўта олмаганлиги сабабли меҳнат шартномаси бекор қилинган мутахассис лавозимидаги педагог кадрлар охирги иш жойларини кўрсатган ҳолда рўйхатдан ўтадилар.
Навбатдан ташқари касбий сертификатлаш синовларида қатнашиш учун мурожаатлар Ягона интерактив давлат хизматлари портали ҳамда давлат хизматлари марказлари орқали қабул қилинади.
Эслатиб ўтамиз: Касбий сертификатлаш синовларида жорий йилнинг март июнь ойларида ўтказилган касбий сертификатлаш синовларида етарли балл тўплай олмаган (56 дан кам) ҳамда иштирок этмаган стажёр-ўқитувчилар ҳам ҳужжат топширишлари мумкин.
Аввалроқ, 2025 йилги Касбий Сертификатлаш учун назорат синови топшириқлари спецификацияси эълон қилингани ҳақида хабар берган эдик.
