Иш фаолияти уч йилдан кам бўлган педагог кадрлар мажбурий аттестацияга жалб этилмайди

Иш фаолияти уч йилдан кам бўлган педагог кадрлар мажбурий аттестацияга жалб этилмайди

Хабарингиз бор, эртага 1 августдан бошлаб август-декабрь ойларида ўтказиладиган педагог кадрлар аттестациясида иштирок этиш учун рўйхатдан ўтиш ва мурожаат юбориш бошланади.

 

 

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йилнинг 17 сентябрдаги 572-сон қарорига кўра, навбатдаги мажбурий аттестацияга жалб этилмайдиган педагог кадрлар ўз хоҳишига кўра навбатдан ташқари аттестациядан ўтишлари мумкин.

 

 

Илгари аттестациядан ўтмаган ишга янги қабул қилинган педагог кадрлар ёки олий таълим ташкилотларини битириб биринчи бор ишга кирган педагог кадрлар касбий фаолиятига уч йил тўлгандан сўнг навбатдаги мажбурий аттестациядан ўтказилади (магистратурани тугатганлар бундан мустасно).

 

 

Аттестацияга таълим ташкилотларининг барча педагог кадрлари жалб этилади. Касбий таълим ташкилотларининг ишлаб чиқариш таълими усталарини аттестациядан ўтказиш тартиби Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан белгиланади ва уларга малака тоифалари берилади.

 

 

Қуйидагилар навбатдаги мажбурий аттестацияга жалб этилмайди:

 

– фан номзоди, фалсафа доктори (Doctor of Philosophy (PhD) ёки фан доктори (Doctor of Science (DSc) даражасига ҳамда Олий аттестация комиссияси томонидан берилган катта илмий ходим, доцент ва профессор илмий унвонига эга бўлган педагог кадрлар;

 

 

– педагогик фаолият бўйича уч йилдан кам бўлган иш стажига эга педагог кадрлар;

 

– ҳомиладор аёллар, улар ҳомиладор бўлган даврда ҳамда ишга чиққанидан кейин бир йил давомида;

 

– ҳомиладорлик ва туғиш ҳамда болани парвариш қилиш таътилларида бўлган аёллар, улар таътилда бўлган даврда ҳамда ишга чиққанидан кейин бир йил давомида;

 

– педагогик фаолият билан шуғулланаётган уч ёшгача болалари бор аёллар;

 

– узоқ (уч ойдан ортиқ вақт мобайнида) даволанишни ўтаётган педагог кадрлар, улар даволанаётган даврда ҳамда ишга чиққанидан кейин олти ой давомида;

 

– республика ва чет эл давлатларига ўқишга, қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларига юборилган педагог кадрлар, улар чет элда бўлган даврда. Ушбу педагогларнинг малака тоифалари навбатдаги ташкил этиладиган малака синовларигача сақланади;

 

– ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартлар асосида рақобатлаша олмайдиган шахслар учун энг кам миқдордаги иш ўринларига захирага олиб ишга жойлаштирилган педагог кадрлар, бу иш жойларига қабул қилинган кундан бошлаб уч йил давомида.

 

Қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ мазкур бандда кўрсатилмаган бошқа педагог кадрлар ҳам навбатдаги мажбурий аттестациядан озод қилиниши мумкин.

 

Навбатдаги мажбурий аттестацияга жалб этилмайдиган педагог кадрлар ўз хоҳишига кўра навбатдан ташқари аттестациядан ўтишлари мумкин.

 

Навбатдаги мажбурий аттестацияга жалб этилмайдиган педагог кадрларнинг амалдаги малака тоифалари (лавозимлари) сақланиб қолади ҳамда уларга таълим ташкилотларида ишлаган даврида мазкур малака тоифаси (лавозими) бўйича ҳақ тўланади.

 

 

Ўз хоҳишига кўра навбатдан ташқари аттестацияда қатнашиб, аттестациядан ўта олмаган педагог кадрларнинг малака тоифаси (лавозими) туширилмайди ҳамда уларга навбатдан ташқари аттестацияда қатнашишдан олдин амалда бўлган малака тоифаси (лавозими) бўйича ҳақ тўланади.