Абитуриентлар танлов босқичида йўналиш ва ОТМлар танлаётган пайтда уларга мақсадли ёки мақсадсиз қабулда иштирок этиш ёки этмаслиги ҳақида сўралмоқда. Мақсадли ва мақсадсиз танлов ўзи нима? Буларнинг фарқи нимада? Қай бирини танлаганда ўқишга грант асосида кириш эҳтимоли юқорироқ бўлади?
Кимлар мақсадли қабулда қатнашиши мумкин?
Мақсадли қабул квоталари ҳар йили ҳукумат томонидан тасдиқланади ва у маълум вилоят, шаҳар ёки туманлар кесимида тақсимланади. Бунда айрим ҳудудларда баъзи соҳалар бўйича кадр етишмаслиги ёки шу соҳа вакилларига нисбатан талаб юқорилигидан келиб чиқиб мақсадли квота ажратилади. Масалан, айрим ҳудудларда шифокор, ўқитувчи ва шу каби бошқа кадрлар етишмаслиги натижасида давлат томонидан қўшимча квота белгиланади ва шу ҳудудда яшовчи абитуриентлар бу имкониятдан фойдаланишлари мумкин.
Бу квоталар фақатгина:
– Ўша ҳудудда доимий рўйхатда турадиган, яъни пропискаси бор бўлган;
– шу ҳудуддаги мактаб ёки коллежда ўқиб, расмий ҳужжатга эга бўлган абитуриентлар учун амал қилади.
Демак, бошқа вилоятда яшайдиган ёки бошқа жойда ўқиганлар бу квотада иштирок эта олмайди.
Квоталар қандай белгиланади?
Мақсадли қабул доирасида жойлар ихтисосликлар бўйича тақсимланади. Масалан, соғлиқни сақлаш, таълим, ветеринария ёки бошқа соҳаларга эҳтиёж юқори бўлган ҳудудларга ажратилган йўналишлар асосида танлов ўтказилади. Ҳар бир йўналишдаги ўринлар эса вилоят ёки туманлар бўйича ажратилади. Бу, ўз навбатида, ҳудудий мувозанатни сақлашга хизмат қилади. Жорий йилда қуйидаги йўналишларга мақсадли қабул квотаси ажратилади:
Мақсадли қабул танлови қандай ишлайди?
Абитуриент онлайн ариза топшириш вақтида мақсадли қабулни танлаши мумкин. Бу танлов унга иккита имконият яратади:
- Ҳудудига ажратилган махсус квотада иштирок этиш
- Умумий танловда қатнашиш
Агар абитуриент мақсадли квота учун етарли балл тўпласа — у давлат гранти асосида талаба бўлади. Акс ҳолда, умумий рейтингга кўра, бошқа абитуриентлар билан бирга баҳоланади.
Ушбу тизимнинг афзалликлари
Мақсадли қабул бир неча жиҳатдан абитуриент учун қулайлик яратади:
– Рақобат умумий танловга нисбатан пастроқ бўлади.
– Одатда, камроқ балл билан грант ютиб олиш имконияти мавжуд.
– Ҳудудий кадрлар тақчиллигини бартараф этиш орқали, абитуриент ўз ҳудудида барқарор иш топиши мумкин.
Мақсадли танлов қандай мажбурият юклайди?
Мақсадли қабул орқали ўқишга кирган талабага ўқишни бошқа ОТМга кўчириш (перевод) тақиқланади. Бу талаб давлат томонидан қатъий назорат қилинади. Шунингдек, талаба ўқишни тамомлагач, камида 5 йил давомида ўз ҳудудида ишлаши шарт. Акс ҳолда, грант асосида ўқиш харажатлари давлатга қайтарилади.
Мақсадли қабул абитуриент учун муҳим имконият бўлиши мумкин. Айниқса, юқори балл тўплай олишига ишончи паст бўлган, аммо ўз ҳудудида қолиб ишлашга тайёр абитуриентлар учун бу яхши стратегик танлов. Шу билан бирга, ўқиш давомидаги ва ундан кейинги мажбуриятларни ҳам унутмаслик керак. Танлов қилишдан аввал ўзингиздан сўранг: «Мен 5 йил ўша ҳудудда ишлашга тайёрманми?» Жавоб ижобий бўлса, бу сиз учун мос йўналиш.
