Менежерлик устамаси ихтисослаштирилган мактаб ўринбосарлари учун амалда қоладими?

Менежерлик устамаси ихтисослаштирилган мактаб ўринбосарлари учун амалда қоладими?

Сўнгги кунларда ихтисослаштирилган мактабларда фаолият юритаётган директор ўринбосарларга менежерлик сертификати асосида тўланаётган устама тўхтатилгани ва илгари тўланган устама пуллар қайтарилиши талаб қилинаётгани ҳақида мурожаатлар келиб тушмоқда. Ҳолат юзасидан мавжуд норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида аниқлик киритамиз. Бу борадаги таҳлилий ёндашувни “Халқталиминфо.уз” сизга тақдим этади.

 

 

Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 25 декабрдаги 681-сон қарорига мувофиқ, умумий ўрта таълим муассасалари директорларига менежерлик ўқув курсларини ўтаганлик учун 50%, директор ўринбосарларига эса 30% устама белгиланган.

 

 

Бироқ, қарорга илова қилинган низомнинг 4-бандида ушбу тартиб айрим мактаб типлари — жумладан Президент мактаблари, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар, санаторий туридаги муассасалар, мактаб-интернатлар ва ногиронлиги бўлган болалар учун ихтисослаштирилган мактаблардаги директор лавозимига нисбатан қўлланилмаслиги кўрсатилган.

 

 

Диққатга молик жиҳати — бу истисно фақат директор лавозими ҳақида бўлиб, директор ўринбосарлари ушбу чеклов доирасига кирмайди. Демак, ихтисослаштирилган мактабларда фаолият юритаётган директор ўринбосарларга менежерлик сертификати асосида 30% устама тўлаш ҳужжат билан рухсат этилган ва қонуний ҳисобланади.

 

 

Яна бир муҳим нуқта: агар илгари ушбу устамалар қонуний асосда тўланган бўлса, уларни қайтариб олиш ҳам қонунга зид ҳисобланади. Меҳнат кодексининг 269-моддасига кўра, ходимга ортиқча тўланган иш ҳақи фақат махсус ҳолатларда ундирилади, аммо бунда ходимнинг айби ёки виждонсизлик ҳаракати исботланиши керак.

 

 

Худди шундай, Фуқаролик кодексининг 1030-моддасида иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар ходим томонидан виждонсизлик қилинмаган ҳолда асоссиз орттирилган бойлик сифатида қайтарилмаслиги қатъий белгиланган.