Нодавлат олий таълим муассасалари телеграм каналида ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиевнинг хусусий олий таълим муассасалари ҳақидаги пости (ва унга таяниб ёзилган Кун.уз мақоласини) дан кейин қуйидаги фикрлар билдирилди:
Постда 41 минг талаба ҳақида сўз боради. Аммо улар орасида нечта давлат, нечта хусусий ОТМ талабалари борлиги аниқ эмас. Статистика шаффоф бўлмаса, нотўғри хулоса чиқарилиши мумкин.
Талабанинг HEMISга киритилиши ўз-ўзидан бўладиган жараён эмас. Контракт тўланган бўлиши, ҳужжатлар архив бўлимига тўлиқ топширилган бўлиши лозим. Баъзида бу жараёнлар январгача чўзилиши ҳам мумкин.
Асосий савол: мақоланинг мақсади нима эди? Фирибгарликка қарши огоҳлантиришми ёки..? Агар гап консультинг фирмаларининг ноқонуний ишлари ҳақида бўлса, уларнинг номи очиқ айтилиши керак.
Нега бир-икки хусусий ОТМнинг хатоси туфайли бутун тизимга шубҳа билан қаралиши керак? Айнан ҳозирги – қабул жараёни кетаётган паллада бу каби умумлаштирилган айбловлар кўплаб муассасаларга зарар етказади.
Яна бир эътиборли жиҳат: ҳозирда баъзи давлат ОТМларида ҳам XEMIS тизими тўлиқ ишламаяпти. Нега бу ҳолат муҳокамага олинмаяпти?
Қонун бузаётган муассасалар бўлса, улар билан қонун доирасида шуғулланиш керак. Лекин ҳалол ишлаётган хусусий ОТМларга ўгай муносабат бўлиш адолатдан эмас?
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, бундай мавзуларни ёритишда умумлаштириш эмас, фарқлаш муҳим. Тизимдаги муаммоларни тан олиш керак, лекин уларни ҳал қилишда адолатли ёндашув биринчи ўринда туриши лозим.
