2025/2026-ўқув йили учун олий таълим муассасаларига қабул жараёнида божхона органлари ходимларининг фарзандлари учун қўшимча 2 фоизли давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичларининг олий таълим муассасалари кесимидаги тақсимоти тасдиқланди. Қўшимча квоталар сони жами 710 тани ташкил этади.
Мазкур квоталар таълим йўналишлари эмас, балки олий таълим муассасалари (ОТМлар) кесимида тақсимланади. Абитуриентлар турли йўналишларни танлаган бўлсалар ҳам, улар танлаган ОТМга ажратилган умумий имтиёзли квота доирасида беллашадилар.
Қўшимча грант фақат биринчи танланган таълим йўналиши учун амал қилади. Иккинчи ва ундан кейинги йўналишларда бу имтиёз қўлланилмайди. Шу билан бирга, абитуриентлар одатдагидек бешта йўналишни танлаш ҳуқуқига эга бўлиб, имтиёзли квотага кира олмаган тақдирда ўз тўплаган баллари асосида умумий квотада иштирок этишлари мумкин.
Имтиёздан фойдаланиш учун абитуриент камида 68 балл тўплаган бўлиши лозим. 68 баллдан паст балл тўплаган тавсияномали абитуриентлар ушбу имтиёздан фойдалана олмайди.
Шуни таъкидлаш лозимки, божхона органлари ходимлари фарзандларига қўшимча балл қўшиб берилмайди. Улар ҳам барча абитуриентлар сингари ўз баллари асосида сараланадилар.
Божхона органлари ходимларнинг фарзандлари учун қўшимча квоталар тақсимоти рўйхати билан бу ерда танишишингиз мумкин.
