2025/2026-ўқув йили учун республика олий таълим муассасалари бакалавриатининг кундузги таълим шакли бўйича давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари доирасида мактаб таълими соҳасида олий маълумотли кадрларга эҳтиёж юқори бўлган ҳудудлар учун мақсадли қабул параметрларининг таълим йўналишлари ва туман (шаҳар)лар кесимидаги тақсимоти тасдиқланди.
Мақсадли қабул – бу ўз ҳудудида юқори малакали кадрлар тайёрлаш мақсадида ташкил этилган мақсадли қабул тизими кўплаб абитуриентлар учун қўшимча имкониятдир. Шу билан бирга, бу йўлни танлаганлар олдида айрим шарт-шароитлар ва чекловлар ҳам мавжуд.
Мақсадли қабулни танлаган абитуриент мазкур таълим йўналиши бўйича ҳам мақсадли (абитуриентнинг доимий яшаш ҳудуди учун мақсадли қабул параметрлари ажратилган бўлса), ҳам умумий танловда иштирок этади.
Мақсадли қабулни танламаган абитуриент эса мазкур таълим йўналиши бўйича умумий танловда иштирок этади.
Жорий йил учун Республика бўйича мактаб таълими соҳасига 626 та квота ажратилган.
Ушбу тақсимот ҳужжати билан танишиш
Кимлар мақсадли қабулда қатнашиши мумкин?
Мақсадли қабул квоталари ҳар йили ҳукумат томонидан тасдиқланади ва у маълум вилоят, шаҳар ёки туманлар кесимида тақсимланади. Бу квоталар фақатгина:
– ўша ҳудудда доимий рўйхатда турадиган, яъни пропискаси бор бўлган;
– шу ҳудуддаги мактаб ёки коллежда ўқиб, расмий ҳужжатга эга бўлган абитуриентлар учун амал қилади.
Демак, бошқа вилоятда яшайдиган ёки бошқа жойда ўқиганлар бу квотада иштирок эта олмайди.

Квоталар қандай белгиланади?
Мақсадли қабул доирасида жойлар ихтисосликлар бўйича тақсимланади. Масалан, соғлиқни сақлаш, таълим, ветеринария ёки бошқа соҳаларга эҳтиёж юқори бўлган ҳудудларга ажратилган йўналишлар асосида танлов ўтказилади. Ҳар бир йўналишдаги ўринлар эса вилоят ёки туманлар бўйича ажратилади. Бу, ўз навбатида, ҳудудий мувозанатни сақлашга хизмат қилади.
Мақсадли қабул танлови қандай ишлайди?
Абитуриент онлайн ариза топшириш вақтида мақсадли қабулни танлаши мумкин. Бу танлов унга иккита имконият яратади:
1.Ҳудудига ажратилган махсус квотада иштирок этиш
2.Умумий танловда қатнашиш
Агар абитуриент мақсадли квота учун етарли балл тўпласа — у давлат гранти асосида талаба бўлади. Акс ҳолда, умумий рейтингга кўра, бошқа абитуриентлар билан бирга баҳоланади.
Ушбу тизимнинг афзалликлари
Мақсадли қабул бир неча жиҳатдан абитуриент учун қулайлик яратади:
– Рақобат умумий танловга нисбатан пастроқ бўлади.
– Одатда, камроқ балл билан грант ютиб олиш имконияти мавжуд.
– Ҳудудий кадрлар тақчиллигини бартараф этиш орқали, абитуриент ўз ҳудудида барқарор иш топиши мумкин.
Эслатма: мақсадли қабул асосида ўқишга қабул қилинган абитуриентларга олий таълим муассасасини тамомлагандан сўнг тегишли ҳудудда 5 йил ишлаб бериш мажбурияти юкланади.
