Хабарингиз бор, ҳарбий қисм қўмондонлигининг тавсияномаларига эга бўлган абитуриентлар учун республика бўйича жами 9 766 та қўшимча ажратилди.
Ҳарбий тавсияномали абитуриентлар учун ажратилган квоталар таълим шакллари бўйича қуйидагича тақсимланган:
— кундузги таълим — 7 420 та (шундан 1 775 та давлат гранти, 5 645 та тўлов-контракт асосида);
— кечки таълим — 1 436 та (барчаси тўлов-контракт асосида);
— масофавий таълим — 910 та (тўлов-контракт асосида).
Мазкур қўшимча квоталар ҳарбий қисм қўмондонлигининг тавсияномасига эга бўлган абитуриентларга берилади. Аммо бу имтиёздан фақат биринчи танланган йўналиш бўйича фойдаланиш мумкин. Иккинчи ва ундан кейинги йўналишларга бу имтиёз амал қилмайди.
Шунингдек, қўшимча квоталар аниқ бир таълим йўналиши учун эмас, балки ОТМ кесимида ажратилган. Яъни, абитуриентлар танлаган йўналишидан қатъи назар, ОТМ ичида тавсияномага эга энг юқори балл тўплаганлар танланади.
Мисол учун, Тошкент давлат шарқшунослик университетида ҳарбий тавсияномага эга абитуриентлар учун 44 та қўшимча квота ажратилган (11 та грант, 33 та контракт).
Бу ОТМга 300 нафар ҳарбий тавсияномали абитуриент ҳужжат топширди. Улар орасида кимдир тарих йўналишини, кимдир филология, кимдир фалсафа йўналишини танлаган бўлиши мумкин.
Шунда, энг юқори балл тўплаган 44 нафар абитуриент ўз танлаган биринчи йўналишига грант ёки контракт асосида ўқишга қабул қилинади. Қолган 256 нафар абитуриент эса умумий танловда (имтиёзсиз) иштирок этади. Агар уларнинг бали етса, улар ҳам контракт ёки грант асосида қабул қилинади.
Муҳим: Ҳарбий тавсиянома қўшимча балл бермайди. Имтиёз шунчаки абитуриентни қўшимча квотада қатнашиш ҳуқуқи билан таъминлайди. Яъни, танлов имкониятини оширади, лекин натижага фақат тўпланган балл асосида қаралади.
Имтиёздан фойдаланиш учун минимал балл:
— давлат гранти учун — камида 68 балл;
— тўлов-контракт учун — камида 56,7 балл.
Агар абитуриент бу баллардан кам тўпласа, имтиёз бекор қилинади ва тавсиянома ҳисобга олинмайди.
