Келаси беш йил ичида йўқолиши мумкин бўлган 8 та касб маълум қилинди

Келаси беш йил ичида йўқолиши мумкин бўлган 8 та касб маълум қилинди

 

2030 йилга келиб 8 та касб тўлиқ йўқолиб кетиши ёки мутахассислар сони кескин камайиши мумкин. Бу ҳақда «Gаzetа.Ru» нашрига Иқтисодий фанлар номзоди, ИМEС иқтисодиёт ва бошқарув кафедраси доценти Люза Байгузина маълум қилди.

 

 

Экспертнинг қайд этишича, кескин камаядиган касбларга cалл-марказ оператори, кассир, омборхона ходими, типографиячи, эски техника таъмирчи-механиги, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги мутахассислар, бухгалтер ва журналист киради. Яъни салл-марказ оператори, кассир ва омборхона ходими каби касблар автоматлаштириш, сунъий интеллект ва робототехника каби технологияларнинг жорий этилиши сабабли меҳнат бозорида ўз аҳамиятини йўқотиши мумкин.

 

«Типографиячи ёки эски техника таъмири билан шуғулланувчи механиклар учун ҳам иш ўринлари тобора қисқара бошлаши мумкин, чунки иқтисодиёт замонавий ускуналар ва технологияларга ўтиб бормоқда. Шунингдек, фермерчилик ва агротехнологияларнинг ривожланиши натижасида қишлоқ хўжалигини анъанавий усулда юритиш билан боғлиқ касблар ҳам долзарблигини йўқотиши эҳтимолдан холи эмас.

 

Бухгалтерия соҳасида эса автоматлаштирилган тизимлар ва дастурий таъминотлар кўпгина вазифаларни бажара олиши туфайли, айниқса кам малакага эга мутахассисларга бўлган талаб сезиларли даражада камаяди. Шу билан бирга, оммавий ахборот воситалари рақамли форматга ўтиши ва ахборотни қайта ишлаш технологияларининг ривожланиши натижасида анъанавий журналистлар фаолиятига бўлган эҳтиёж ҳам пасайиши мумкин», — дея изоҳлаган Байгузина.

 

Мутахассисларнинг сўзларига кўра, камёб касблар ҳар доим ҳам юқори маошли бўлавермайди. Агар касб кам учрайдиган бўлсада, юқори малака талаб этилмаса, унинг иш ҳақи ошмаслиги мумкин. Аммо сунъий интеллект ёки биомуҳандислик каби соҳалардаги юқори малакали мутахассислар, аксинча, меҳнат бозорида юқори баҳоланишда давом этади.

 

 

Байгузина таъкидлашича, мутахассислардан замонавий талабларга мос аниқ билим ва кўникмаларни талаб этувчи касблар келгусида ҳам юқори маошли бўлиб қолади.