Яқин бир ҳафта ичида қабул квотаси ва минимал ўтиш бали тасдиқланиши керак

Яқин бир ҳафта ичида қабул квотаси ва минимал ўтиш бали тасдиқланиши керак

Жорий йилнинг 18 июль кунидаги Президентнинг Ф-43-сонли «Давлат олий таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрларини тасдиқлаш тўғрисида» ги фармойишига кўра, давлат комиссияси бир ҳафта муддатда янги ўқув йили учун қабул квотаси ва минимал ўтиш бали тасдиқланиши кераклиги белгиланган.

 

 

Ушбу фармойишга кўра, давлат комиссияси бир ҳафта муддатда янги ўқув йили учун:

 

 

Бакалавриат таълим йўналишига қабул бўйича:

 

 

– давлат буюртмасининг тақсимотида иштирок этувчи олий таълим ташкилотлари, таълим шакллари ва таълим тиллари кесимидаги умумий қабул параметрларини;

 

 

– имтиёзга эга абитуриентлар учун қўшимча қабул параметрларини;

 

 

– тегишли бакалавриат таълим йўналишининг олдинги ўқув йилидаги ўртача ўтиш балларини ҳисобга олган ҳолда давлат гранти ва тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилишнинг минимал ўтиш балини;

 

 

– ҳудудлар, соҳалар ва тармоқларнинг олий маълумотли кадрларга бўлган эҳтиёжи асосида давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган хўжалик жамиятлари буюртмаларига мувофиқ давлат гранти асосидаги умумий қабул параметрлари доирасида мақсадли қабул параметрларининг туман (шаҳар)лар кесимидаги тақсимотини;

 

 

– ҳар бир бакалавриат таълим йўналиши бўйича олий таълим ташкилотининг умумий қабул параметрига нисбатан давлат грантининг улушини;

 

 

– айрим бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларининг (тиллар, махсус педагогика, спорт, санъат ва бошқа) ўзига хос хусусиятидан келиб чиқиб, уларнинг соҳа ихтисослашувига кўра тақсимланган қабул параметрларини;

 

 

– магистратура мутахассисликлари бўйича қабул параметрларини давлат гранти ва тўлов-контрактга ажратган ҳолда давлат олий таълим ташкилотлари ва тиллар кесимида тасдиқланиши белгиланган.

 

 

Шунингдек, 2025/2026 ўқув йилида давлат олий таълим ташкилотларига киришда тўплаган балига нисбатан маълум миқдордаги қўшимча балл бериладиган шаклдаги имтиёзга эга абитуриентлар танлаган бакалавриат таълим йўналиши бўйича белгиланган ўтиш бали ва ундан юқори балл тўплаган тақдирда, тўплаган балига мос равишда қўшимча давлат гранти ёки тўлов-контракт асосида талабаликка тавсия этилади.