Мактабда олган баҳолар ўқишга киришдаги тест синови баллига қўшилмайдиган бўлди

Мактабда олган баҳолар ўқишга киришдаги тест синови баллига қўшилмайдиган бўлди

19 июль куни қабул қилинган Президент фармони (ПФ-114-сонли) билан Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 19 ноябрдаги «Олий таълим ташкилотларига кириш имтиҳонларида абитуриентларнинг таълим тўғрисидаги ҳужжатларига қўйилган баҳоларини инобатга олиш тартибини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ўз кучини йўқотиши белгиланди.

 

2021 йилги қарорга кўра, 2023/2024-ўқув йилидан бошлаб абитуриентларнинг шаҳодатномаларидаги сўнгги 6 йиллик баҳоларининг ўртача кўрсаткичи ўқишга киришда инобатга олиниши ва тўпланган баллга ўртача баҳо қўшиб берилиши керак эди.

 

Масалан, 130 балл тўплаган абитуриентга 3, 4 ёки 5 баҳо учун мос равишда 3, 4 ёки 5 балл қўшилиши режалаштирилганди. Бироқ ушбу тартибни жорий қилиш 2023 йилда 2 йилга кечиктирилган эди.

 

19 июлдаги фармон билан эса 2021 йилги ушбу қарор батамом бекор қилиниб, шаҳодатномадаги баҳолар имтиҳонда инобатга олинмайдиган бўлди.