Маълумки, кириш имтиҳонлари олий ва профессионал таълим муассасаларига қабул икки босқичда – аввал тест, кейин танлов тамойили асосида ўтказилмоқда. 2025 йил 27 июлдан абитуриентлар учун танлов босқичи бошланади ва бу жараён 10 август (шу куни ҳам) га қадар давом этади. Шундан сўнг бир ҳафта муддатда танлов натижалари эълон қилинади.
Ўз натижаларидан норози бўлган абитуриентлар апеллация аризаларини мй.узбмб.уз сайтида (шахсий кабинети орқали) онлайн тарзда 18 августдан 27 августга қадар (10 кун давомида) беришлари мумкин. Апелляция шикояти берган абитуриентга апелляция куни ва вақти ҳақида хабарнома юборилади. Абитуриент хабарномада белгиланган кунда паспорти ва абитуриент рухсатномаси билан келиши шарт.
Абитуриент апелляция шикояти бериши учун тест синовида иштирок этган ва тест синовидан четлатилмаган бўлиши лозим.
Апелляция шикояти кўрилаётган абитуриентга унинг жавоблар варақаси нусхаси, тест топшириқлари китоби ва апелляцион карта берилади.
Тақдим этилган ҳужжатлар асосида абитуриент ўзининг ҳар бир нотўғри деб ҳисобланган тест топшириғига жавобларини ёзма равишда баён қилади ва қабул қилиб олган барча тест материаллари билан бирга апелляция комиссиясига тақдим этади.
Апелляция шикояти махсус комиссияси томонидан абитуриент иштирокида, унинг ёзма жавоблари асосида кўриб чиқилади. Абитуриентнинг ёзма жавоблари ўз тасдиғини топмаган бўлса, апелляция комиссияси тест синовлари натижаларини ўзгаришсиз қолдиради.
Абитуриент апелляция комиссиясининг қароридан норози бўлган тақдирда қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда судга шикоят қилиши мумкин. Алоҳида таъкидлаш лозимки, апелляция жараёнида абитуриент учун қайта тест синови ўтказилмайди!
Агентлик белгиланган тартиб асосида барча эътирозларни кўриб чиқишга ва тегишли тартибда жавоб қайтаришга тайёрлигини маълум қилди. Абитуриентлардан эътирозлари юзасидан ўрнатилган тартибда мурожаат қилишлари сўралади.
