Энди Венгрия йилига ўзбек фуқаролари учун 200 тагача стипендия ажратиши мумкин

Энди Венгрия йилига ўзбек фуқаролари учун 200 тагача стипендия ажратиши мумкин

2025 йил 17 июль куни Будапешт шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон–Венгрия Ҳукуматлараро Иқтисодий Ҳамкорлик бўйича 10-йиғилиш доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг 1-ўринбосари Шоҳрух Далиев ҳамда Венгрия Республикаси Ташқи ишлар ва савдо вазири Питер Сиярто «Stipendium Hungaricum» стипендия дастури бўйича Ҳамкорлик тўғрисидаги англашув меморандумига Қўшимча баённома имзоланди.

 

 

Ушбу ҳужжатга кўра, ҳар йили Венгрия томонидан ўзбек фуқаролари учун ажратиладиган таълим грантлари сони 200 тагача оширилган. Шу муносабат билан ҳар йили 200 тагача бўлган ўзбекистонлик талабгорлар Венгриянинг нуфузли олий таълим муассасаларида тўлиқ грант асосида таҳсил олиш имкониятига эга бўлади.

 

 

«Stipendium Hungaricum» дастури орқали 2018 йилдан бери Ўзбекистонлик ёшлар Венгрия ОТМларида ўқиб келмоқда. Ҳозиргача 400 дан ортиқ талабалар ушбу имкониятдан фойдаланган. Дастур бўйича таҳсил инглиз ёки венгер тилларида олиб борилади. Йўналишлар эса Ўзбекистон иқтисодиёти эҳтиёжларига мос ҳолда танланади.

 

Энди Венгрия йилига ўзбек фуқаролари учун 200 тагача стипендия ажратиши мумкин

 

Венгрия ҳукумати томонидан молиялаштириладиган таълим гранти қуйидагиларни қамраб олади:

 

 

– контракт (таълим тўлови);

 

– турар жой;

 

– тиббий суғурта хизмати;

 

– ойлик стипендия.

 

 

Фақат авиачипта харажатлари талабанинг шахсий маблағлари ҳисобидан қопланади.