Қорақалпоғистон Республикасидаги Қорақалпоқ давлат университетида талабаларни якуний имтиҳондан ўтказиб беришини ваъда қилган университет ўқитувчиси қўлга олинди.
Аниқланишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси, ДХХ ва ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда «Бердақ» номидаги Қорақалпоқ давлат университети ўқитувчиси Г.Н. фуқаро А.Д.нинг ишончига кирган.
Шундан сўнг, юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали уни ва 17 нафар талабани якуний имтиҳондан ўтказиб беришини айтиб, 18,3 млн сўм пулларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Аввалроқ, Тошкент ва Фарғона шаҳарларида университетнинг кафедра ўқитувчиси таниш-билиш орқали тошкентлик фуқарони университетга ўқишга киритиб қўйиш эвазига 3800 ҳамда 4000 АҚШ доллари олган вақтида қўлга олинган эди.
